Жамият | 21:23 / 09.07.2017
23081
2 дақиқада ўқилади

Яшнаобод туманидаги трансформатор будкаси ёниши натижасида бир инсон ҳалок бўлди

Яшнаобод тумани "Ташсельмаш" массивидаги трансформатор будкасида портлаш содир бўлди ва бу ёнғин билан тугади. Натижада воқеа жойида таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ёш йигит ҳалок бўлди. Facebook'нинг Потребитель.uz гуруҳи аъзоларидан бири шу ҳақида маълум қилди

"Жим тура олмайман. Кеча, 8 июль куни соат 12:00-13:00 орасида "Ташсельмаш" массивида портлаш рўй берди ва трансформатор будкасида ёнғин бошланди. Яшнаобод туман электр тармоғидан таъмирловчи бригада етиб келди. Улар хавфсизлик техникасига риоя қилмаган ҳолда, ҳимоя кийими ва воситаларисиз, электр энергияси тизимини ўчирмасдан ишга киришишди. 

Таъмирлаш ишлари доирасида соат 17:50да яна портлаш рўй берди ва у кучли ёнғинга айланди. Ишчилардан бири кучли куйиш жароҳатларини олди, бошқалари портлаш кучидан ҳар томонга отилиб кетишди. 

Массив аҳолиси тез тиббий ёрдам (103) ва "МДС" тиббий сервиси (1080) га қўнғироқ қила бошлашди. Тез ёрдам машинаси қўнғироқдан 30-40 дақиқа ўтгандан кейин етиб келди. Бу вақт ичида маҳаллий аҳоли жабрланган ишчига ёрдам кўрсатишга уринди. Биринчи етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари жабрланувчига ҳеч қандай ёрдам кўрсатишмади, улар шунчаки аҳолининг жабрланувчига кўрсатаётган ёрдамни четдан кузатиб туришди. Бироз кейинроқ яна икки тез ёрдам машинаси (МДС) етиб келди, улар "Биз бу ерда нима қиламиз? Бу ерда бошқа шифокорлар бор экан-ку", деб ортларига қайтишди. 

Натижада жабрланувчи - тахминан 26-27 ёшлардаги йигит ҳаётдан кўз юмди. 

Ишчиларни элементар ҳимоя воситаларисиз хавфли объектларга жўнатувчи идоралар, шунингдек тез тиббий ёрдам ходимларининг инсон ҳаётига лоқайдлиги инсоннинг ғазабини қўзғатади". 

Мавзуга оид