«Талаб даражасида эмас» — Шавкат Мирзиёев сиёсий партиялар фаолиятини жиддий танқид қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 июль куни сенаторлар, депутатлар ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида хабар қилинди.
Ўз чиқишида давлат раҳбари қайд этдики, замон сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда.
Олий Мажлиснинг қўшма мажлисида эришилган ютуқлар эътироф этилган ҳолда, ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолияти очиқ мулоқот шаклида танқидий руҳда таҳлил қилинди, ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.
«Демократия парламентдан бошланади. Парламент демократия мактабидир, — дея президентнинг сўзларини келтирган «Ахборот» дастури. — Шундай экан, миллий парламентни ҳақиқий демократия мактабига айлантиришимиз керак. Бу ўринда сиз, ҳурматли депутатлар ва сенаторлар бошқаларга ибрат бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс, мунозара, принципиал тортишув аввало шу ерда, парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ бўлади... Агар биз сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фаолиятини кучайтирмасак, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган қонунлар ижросида кутилган натижа бўлмайди».
Шавкат Мирзиёев бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтолмаймиз. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмаганини қайд этиб ўтди.
Қайд этилдики, cиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти.
Давлат раҳбари мамлакатдаги 4 партия — Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, «Миллий тикланиш» партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси фаолиятидаги камчиликларни санаб ўтди.
Масалан, ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатлари ҳимоячиси сифатида намоён этувчи ХДП уларнинг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш борасида кўзга кўринарли ташаббуслар билан чиқмаяпти.
«Миллий тикланиш» партияси миллий мерос ва қадриятларни тиклаш, янада бойитиш, туризм соҳасини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Аммо амалда бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунлар ижросини назорат қилиш юзасидан етарлича фаоллик кўрсатмаяпти.
«Адолат» партияси эса ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш йўналишларида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият юритади. Лекин бу партия ҳам, президент сўзларига кўра, мазкур соҳаларда, хусусан, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон билан таъминлаш бўйича ташаббускорлик қилмади.
Маърузада қайд этилганидек, мамлакатдаги етакчи партия ҳисобланмиш ЎзЛиДеП ҳам электорат кутганичалик фаолият кўрсатмаяпти.
Президентнинг қайд этишича, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интелектуал мулк эгалари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилган ушбу партия янги ташаббус ва таклифлар билан майдонга чиқмаяпти.
«Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади», деди президент.
Президент партиялар тегишли вазирликлар ва идоралар фаолияти устидан ўз вакиллик органларидаги фракция ва партия гуруҳлари орқали парламент ва депутатлик назоратини самарали амалга оширмаётганини таъкидлади.
«Ҳар бир сиёсий партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, назорат қилинадиган қўмита ва вазирликларни аниқлаб олиши, улар билан тизимли ишлаши зарур», деди давлат раҳбари.
Шунингдек, партиялар халқ билан мулоқот, ёшлар билан ишлаш ҳамда ОАВ билан ҳамкорликдаги фаолияти танқид қилинди. Партия нашрларининг кам ададлилиги уларда долзарб муаммолар ёритилмаётгани билан боғлиқлиги айтиб ўтилди.
Давлат раҳбари яхши ишлаётган, фаол ва жонкуяр туман кенгаши депутатлари кейинчалик вилоят депутатига, вилоят депутати эса Олий Мажлис аъзоси бўлишига имкон берадиган тизим яратиш зарурлигига эътибор қаратди.
Сиёсий партиялар ҳудудий кенгашларининг моддий-техник таъминоти кўп ҳолларда талабга жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилди. Сиёсий партияларнинг 18та туман кенгаши ўз биносига эга эмаслиги, 62та кенгаш биноси ҳолати қониқарсиз экани қайд этилди. Вазирлар Маҳкамасига бу муаммони ўрганиш бўйича кўрсатма берилди.
Президент Ўзбекистон Экологик ҳаракат фаолиятига алоҳида тўхталди. У ҳаракат доимий равишда қишлоқ ҳудудлардаги аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиши, ҳудудлардаги маиший чиқиндилар йиғилиши, қайта ишланиши ва утилизация қилинишини назорат қилиши кераклигини таъкидлади.
«Шу билан бирга, собиқ тузум даврида узоқни ўйламасдан қурилган, бугунги кунда айрим вазирлик ва идоралар, тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатиб келинаётган саноат иншоотлари ҳам замонавий экологик талабларга жавоб бермайди.
Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин.
Юқорида зикр этилган долзарб муаммоларни самарали ҳал этиш учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббускор бўлиб, тегишли вазирлик ва идоралар, аввало, яқинда ташкил этилган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши ва амалга ошириши зарур. Афсуски, ҳозирги вақтда Экологик ҳаракат фаолиятида бу борада аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар сезилмаяпти.
Барча йирик саноат корхоналарида Экологик ҳаракатнинг вакиллари бўлиши керак. Вазирлар Маҳкамаси шу масала юзасидан икки ҳафта муддатда таклиф киритсин.
Умид қиламизки, Экологик ҳаракат атроф-муҳит тозалиги ва мусаффолигини сақлашга, аҳоли ўртасида касалликларни камайтиришга ўз ҳиссасини қўшади», деди, деди президент.
Олий Мажлис таркибида муҳим бир тузилма, яъни илмий-амалий тадқиқот ва ахборот-таҳлилий фаолият олиб борадиган, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқадиган марказнинг йўқлиги бу борадаги ишларни юқори савияда ташкил этиш имкониятини бермаяпти. Илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институтини ташкил этиш таклиф қилинди.
Шавкат Мирзиёев депутатлик сўровларини кўриб чиқиш тартиблари ва муддатларига ҳам тўхталиб ўтди. У парламент назорати объектлари доирасини кенгайтириш ва Қонунчилик палатасида «Ҳукумат соати» институтини жорий этишга кўрсатма берди.
Мавзуга оид
17:38
Президент Янги Тошкентдаги илм ва таълим масканлари қурилиши билан танишди
16:19
Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун вақтинчалик маъмурий бинолар қурилмоқда
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27 / 24.12.2024