Жаҳон | 16:45 / 14.07.2017
7537
2 дақиқада ўқилади

Мўсулнинг ғарбий қисми журналистлар учун ёпилди

Ироқлик ҳарбийлар жума куни журналистларга Мўсулнинг ғарбий қисмига киришни тақиқлашди. Бу давом этаётган жанглар, шунингдек, ИШИД жангарилари томонидан ташлаб кетилган миналарнинг кўплиги туфайли юз берди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

"Бу қарор жума куни эрталаб қабул қилинди, у журналистлар ҳамда оддий фуқаролар учун Мўсулнинг ҳар икки қисмини боғлаб турувчи барча кўприкларни ёпиб қўйишни назарда тутади", - дея Ироқ армияси вакилининг сўзларини келтиради РИА Новости.

Унинг тушунтиришича, бундай қарорга журналистларнинг ҳаётига хавф келиб чиқиши сабаб келинган. "Мўсулнинг ғарбий қисмини тозалаш бўйича амалиётлар давом этмоқда, шунинг учун журналистларга, уларнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлиги сабаб киришни ёпиб қўйдик", - деган агентлик суҳбатдоши.

Ҳарбийлар қатор туманларда йўл ва биноларни миналардан тозалаш билан шуғулланмоқда. Ҳарбийнинг сўзларига кўра, бу тақиқ бир неча кун давом этиши мумкин.

Мавзуга оид