Жаҳон | 21:50 / 23.07.2017
8198
3 дақиқада ўқилади

Британия Қатарнинг Форс кўрфазидаги инқирозни ҳал этишдаги позициясини олқишлайди

Британия Қатарнинг Форс кўрфазидаги инқирозни ҳал этишдаги позициясини олқишлайди. Бирлашган қироллик ҳукуматининг сайтида эълон қилинган хабарда Британия ТИВ раҳбари Борис Жонсон шундай деган.

Яқин Шарқ давлатининг амири шайх Тамим ибн Ҳамад Ол Сонийнинг жума кунги баёноти — мамлакат суверинететига риоя этилса, Қатар ўзаро музокара ва мулоқотга тайёрлигини билдириб ўтганлигига британиялик вазир шундай шарҳ берган, деб ёзмоқда ТАСС.

«Мен Қатар амирининг террорчиликнинг барча кўринишларига, жумладан, уни молиялаштиришга қарши курашиш истагини олқишлайман. Амир Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Баҳрайн билан мавжуд ихтилофни Кувайт воситачилигида, мулоқот ва музокаралар билан тартибга солиш мажбуриятини ўз зиммасига олди», — деган Жонсон.

Ташқи сиёсат идорасининг раҳбари Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Баҳрайн расмий Доҳанинг баёнотидан сўнг ҳаракатга келиши ва «эмбаргони бекор қилиш бўйича чоралар кўриши»га ишонишини айтиб ўтган. Жонсоннинг ўзларига кўра, «мавжуд келишмовчиликларни муҳокама қилиш имконини беради».

5 июнь куни Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Баҳрайн терроризмни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатларнинг ички ишига аралашувда айблаб, Қатар билан дипломатик алоқаларни узиши ҳақида баёнот беришган эди. Шундан сўнг Қатарга нисбатан иқтисодий санкциялар, жорий этилиб, амирлик қамал қилинди. Қатар ҳукумати афсус билан хорижлик ҳамкорларининг қарорлари асоссиз эканлигини таъкидлади. Илгарироқ бу тўрт давлат Доҳа олдига 13 талабдан иборат ультиматум қўйишди, бироқ у рад этилди. «Тўртлик»нинг Қоҳирада 5 июль куни учрашган ТИВ раҳбарлари муносабатлар тикланиши учун Қатар раҳбарияти оғишмай амал қилиши лозим бўлган олти принципни белгилаб олишди. Уларнинг орасида террорчиликни молиялаштиришни бас қилиш, экстремистик ғояларни тарғиб этишдан бош тортиш, террорчиликка қарши курашда халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиш, каби бандлар бор.

Мавзуга оид