Ўзбекистон | 12:00 / 30.07.2017
30807
3 дақиқада ўқилади

Ректор интервьюси. Номи ўзгарган институтда тест жараёнларида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда

Ўзбекистоннинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  Бунинг учун табиийки, соҳада етук кадрлар, ўз соҳасининг билимдонлари талаб этилади. Шу боис, олий ўқув юртларига имтиҳонларни топшириш жараёнлари ҳам ислоҳотлар билан ҳамоҳанг тарзда ўзгармоқда. Кун.uz Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Пардаевич Умурзоқов билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига имтиҳон топшириш жараёни ва унинг шаффофлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ташкилий ишлар юзасидан суҳбат уюштирди.

«2017-2018 ўқув йили учун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига 1805 нафар талабаликка қабул амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу йил институтга ўқишга кириш истагини билдирган 11611 нафар абитуриентлар ҳужжатларини топширди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис – техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3003-сонли Қарори асосида вилоятлар кесимида давлат гранти учун мақсадли қабул квоталари ажратилди. Бу қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида ҳудудлар учун етук кадрларни мақсадли тайёрлаш имконини беради. Шу мақсадда, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига қабул жараёнлари ташкил этиладиган бинолар видеокамералар билан таъминланди ва илк бор видеокамералар орқали имтиҳон жараёнларини барча ота-оналар онлайн тарзда кузатиб бориш имконига эга бўлади. Шунингдек, абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёнида бармоқ излари сканерлари олинди. Бу эса, ўз навбатида 1 август куни тест синовларига кириш жараёнида бармоқ излари сканери орқали назорат қилиш ва «тасодифий абитуриентлар»нинг бўлишини олдини олади. Жумладан, магистратура мутахассисликлари учун бўлиб ўтадиган имтиҳонларда ҳам шаффофликни таъминлаш учун барча чора-тадбирлар қўлланилмоқда», - деди Ўктам Умурзоқов.

Мавзуга оид