Ўзбекистон | 10:43 / 03.08.2017
27108
5 дақиқада ўқилади

Партия ташаббуси: Энди қарздор банкдаги маблағларини яшира олмайди

«Банк сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар  киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси бўйича тушунтиришлар.

Давлат раҳбарининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 29.05.2017 йилдаги ПФ–5059-сонли Фармонига  мувофиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш ваколати давлат ижрочилари зиммасига  юклатилган.

Шу муносабат билан, «Банк сири тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси номидаги ва 12-моддаси матнидаги «суд» деган сўз «давлат» деган сўзга алмаштирилиши зарур. Қарздорларнинг банкдаги активларини аниқлаш бўйича тижорат банклари ва Бюро ўртасида ўзаро электрон алмашинув тайёр бўлгани ҳолда, қонунчиликда давлат ижрочилари банкларга ёзма равишда мурожаат қилишини қатъий белгилаб қўювчи «оқ доғлар» мавжуд бўлгани сабабли амалиётда мазкур масала ҳал этилмаган. Сўров хатларини ёзма шаклда юбориш электрон сўровларга нисбатан нафақат кўпроқ харажат, балки кўп вақт ҳам талаб этади (сўров хати ва унинг жавобини почта алоқа хизмати орқали юборишга 7-10 кундан кўпроқ вақт кетади). Ушбу вақт ичида қарздорлар ўз активларини учинчи шахслар фойдасига бегоналаштиришга улгуришмоқда. Бунинг оқибатида суд қарорлари ва бошқа органлар қарорларининг ижроси кечиктирилмоқда.

Халқаро тажрибага назар ташласак (Австрия, АҚШ,  Дания, Испания, Португалия, Россия, Финляндияда) сўров хатлари ва уларга жавобларни электрон тарзда олиш имкониятининг яратилиши қарздорларнинг мол-мулкини аниқлаш учун сарфланаётган вақтни қисқартириб, ундирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини тезлаштиришга хизмат қилади, шунингдек суд тизими обрўсини мустаҳкамлайди.

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунда ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш қарздорларнинг пул-маблағлари ва мол-мулкига қаратиш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ суд қарорлари асосида тақдим этилган ижро варақалари билан бирга нотариуснинг ижро хати, маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатига эга бўлган органларнинг қарорлари ижро ҳужжатлари деб ҳисобланади.

«Банк сири тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасида белгилаб қўйилган шарт, яъни қарздорнинг ҳисобварағига банд солиш фақатгина суд қарорига асосан тақдим этилган ижро ҳужжати асосида амалга оширилиши бошқа турдаги ижро ҳужжатларини ижросини таъминлашда қарздорнинг банкдаги пул маблағларига қаратишга тўсқинлик қилмоқда.

Бундан ташқари, «Банк сири тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси иккинчи қисмидаги, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар суд ижрочисига суднинг ундирувни мазкур банк мижозининг (вакилининг) мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги ёки бу мижознинг (вакилнинг) мол-мулкини хатлаш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарори бўлган тақдирда тақдим этилиши кўрсатилганлиги боис, ўз навбатида:

биринчидан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ мажбурий ижро органларига ижро қилиши учун суд қарорлари эмас, балки ижро ҳужжатлари юборилади;

иккинчидан, муайян суммаларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларида ундирувни қарздорнинг мол-мулкларига қаратиш ёки хатлаш кўрсатилмайди.

Ижро ҳужжатларига асосан суммаларни ундириш тартиби «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган, яъни муайян суммаларни ундириш тўғрисидаги ҳар бир ижро ҳужжати бўйича ундирув қарздорнинг пул маблағи ва мол-мулкларига қаратилади, бундан ташқари қонунчиликда ижро ҳужжатида «ундирувни мол-мулкига қаратиш ёки мол-мулкини хатлаш» деган сўзлар кўрсатилиши белгиланмаган.

Амалиётда банклар томонидан «Банк сири тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасини қўллаб, ижро ҳужжатида ундирувни мол-мулкига қаратиш ёки мол-мулкини хатлаш кўрсатилмаганлигини важ қилиб, суд ижрочиларининг сўров хатларига рад  жавоблар бериб келинмоқда.

Ўйлаймизки, таклиф этилаётган ўзгартиш давлат ижрочисини қарздорнинг мулкий аҳволи юзасидан маълумотлар билан таъминлашга ва ундирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиб, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини тезлаштиради.

Алия ЮНУСОВА, Шуҳрат МАМАДЖАНОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП  фракцияси аъзолари.

Мавзуга оид