Жамият | 17:45 / 07.08.2017
48067
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида 15–16 ёшли қизлар ўртасида 8та туғруқ қайд этилган

Фото: Reuters

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг Яқинда бўлиб ўтган сессиясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраевнинг тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги юзасидан ахбороти тингланди. Бу ҳақида вилоятнинг «Зарафшон» газетасида эълон қилинган ахборотда соғлиқни сақлаш тизимига оид айрим факт ва рақамлар тилга олиб ўтилган.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 350 дан ортиқ тиббиёт муассасаси 3 миллион 200 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида 45 минг нафарга яқин, жумладан, 7672 нафар олий маълумотли врач, 28 минг нафарга яқин ўрта махсус маълумотли ҳамшира фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят аҳолисига жами 197 та тез тиббий ёрдам автомобилларига эга бўлган тез тиббий хизмат тизими имконият доирасида хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мазкур соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, кўплаб камчиликлар, долзарб масалалар мавжудлиги ҳам сессияда тилга олиб ўтилди.

Жумладан, тез тиббий ёрдам хизматларини қўшимча равишда 111 та автомашина билан таъминлаш ишлари охирига етказилмаган. Мавжудлари замонавий алоқа воситалари (рация) билан таъминланмаган.

Паст Дарғом, Тайлоқ, Пайариқ, Ургут, Каттақўрғон туманларида тез тиббий ёрдам бригадалари замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмаган, Каттақўрғон, Пайариқ, Ургут туманларида тез тиббий ёрдам бўлим ва шохобчалари жойлашган 119 та бинодан 64 таси таъмирталаб, 10 таси янги бинога муҳтож.

Тиббиёт муассасаларида фтизиатр, психиатр, онколог, инфекционист, гематолог, рентгенолог ва умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж катта. Мутахассислар малакасини ошириш бўйича белгиланган режалар ижроси таъминланмаяпти. 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида малака ошириши лозим бўлган жами врачларнинг 12,1 фоизи, ҳамшираларнинг эса 10,5 фоизи малака оширган, холос.

Вилоятда оналар ва гўдаклар ўлими 2017 йилнинг биринчи ярмида 2016 йилга нисбатан камайган бўлса-да, 6 ойда 6 нафар она ва 283 нафар гўдак ўлими қайд этилгани бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаганини кўрсатади.

Патронаж хизмати имкониятларидан зарур даражада фойдаланилмагани, тегишли назорат ва тарғибот ишларининг сусайтирилгани оқибатида вилоятда жорий йилнинг 6 ойида 15-16 ёшдагилар ўртасида 8 та туғруқ қайд этилган ва бу салбий кўрсаткич 3 тага кўпайган.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида қонунбузарлик ҳолатларига тўлиқ барҳам берилмаяпти. Прокуратура органлари томонидан кейинги 2,5 йилда 552 нафар тиббиёт ходими интизомий, 665 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши қарорига мувофиқ, «Асакабанк» вилоят филиалига янги ташкил этиладиган ва фаолияти кенгайтириладиган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш учун белгиланган кредит маблағларини қисқа муддатда ажратиш чораларини кўради.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалида иммуногистокимё лабораториясини ташкил этиш ва зарур тиббиёт буюмлари, сарфлаш материаллари ҳамда реактивларни харид қилиш учун 200 миллион сўм маблағ ажратилади.

Вилоят онкология диспансери ҳудудида умумий майдони 1.400 м.кв га тенг бўлган 3 қаватли поликлиника-диагностика биноси қурилишини маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади;

Самарқанд шаҳрида онкологик касалликларнинг ўтиб кетган босқичларига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун керак бўлган минтақалараро хоспис (50 ўринли) биносини қуриш чораларини кўрилади.

Мавзуга оид