Ўзбекистон | 18:15 / 09.08.2017
104395
2 дақиқада ўқилади

Президент Тошкент вилояти ҳокимини қаттиқ танқид қилди

Бугун, 9 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Президент ҳокимларнинг ҳисоботларидан қониқиш ҳосил қилмаётгани, ҳудудларда камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганини билдирган.

«Кун» мухбири хабар беришича, видеоселектор давомида президент ўтган ҳафта телевидениеда ёритилган, Тошкент вилояти, Оққўрғон туманидаги ва Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош шаҳридаги вазиятга эътибор қаратган.

«Телевидение орқали намойиш этилган Тошкент вилояти, Оққўрғон туманидаги ва Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош шаҳридаги ҳақиқий аҳвол ўзини ҳурмат қилган ва ўзини Ўзбекистон фуқароси деган ҳар кимнинг қалбини жунбишга келтиради. 

Майли, Оққўрғон тумани ҳокими энди тайинланди. Сизчи Мусо Тожиддинович, (Ерниёзов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси Раиси – таҳр) сиз йигирма йилдан бери раҳбарсизку? Бу ётоқхоналар «Ўзбекэнерго»га тегишли экан дейсиз. Қорақалпоғистондаги ҳамма фуқаро учун, у ердаги ҳамма иш учун сиз масъул эмасмисиз. Бу қандай жавоб? Шунча вақтдан буён бу ётоқхоналар «Ўзбекэнерго»га тегишли эканини энди билдингизми?

Аҳволни тузатмасангиз, Тахиатошга ҳоким қилиб туширамиз сизни», дея огоҳлантирган президент.

Шундан сўнг Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими Шукрулло Бобоевга юзланади.

«Жаноб Бобоев, сиз билан ҳам ҳисоб-китоб вақти келди. Ғўддайиб юришни йиғиштиринг. Уддаласангиз, уддаланг. Йўқса сиз билан ҳам жума куни ҳисоб-китоб қиламиз.

Мен сиз учун ҳокимлик қилмайман. Ҳар бир туманингизни аравасини мен тортишим керакми, жаноб Бобоев? Аввал директор муовини бўлганингизни унутинг (Бобоев муқаддам Ангрен шина заводида ишлаган - таҳр). Сиз энг катта вилоятимиз ҳокимисиз. Мен сизга ҳамма ваколатни берганман.

Аравани тортмаганлар ишламайди», деган президент.

 

Мавзуга оид