Жаҳон | 07:36 / 21.08.2017
11214
2 дақиқада ўқилади

АҚШ эсминеци Сингапур яқинида савдо кемаси билан тўқнашиб кетди

21 августда Малакка бўғози ва Сингапурдан шарқда Alnic MC савдо кемаси ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг John S. McCain ракета эсминеци тўқнашиб кетди. Бу ҳақда АҚШ ҲДК 7-флотининг сайтида маълум қилинган.

Воқеа Токио вақти билан соат 06:24да юз берган. Флот маълумотларига кўра, кема Сингапурдаги портга кирмоқчи бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, эсминец орқа қисмидан шикаст еган. Айни вақтда маҳаллий ҳукумат билан қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Кейинроқ флот тўқнашувдан кейин 10 денгизчи йўқолиб қолгани, 5 нафари жароҳат олгани ҳақидаги хабарни чоп этган. Эсминец мустақил равишда портга йўл олган.

Alnic MC кемаси 182 метрлик нефть ва кимё моддалари ташувчи, 30 минг тонна сиғимдорликка эга танкердир.

USS John S. McCain (DDG-56) эсминеци Япониянинг Йокосукасида АҚШ ҳарбий-денгиз базасида рўйхатда туради. У 1999 йилда фойдаланишга киритилган. Кема узунлиги 153,9 метр, эни 20,1 метр. Кеманинг максимал тезлиги 32 узелни ташкил қилади, экипажи 377 кишидан иборат.

Эсминец АҚШ ҲДКнинг икки адмирали – америкалик сенатор Жон Маккейннинг буваси Катта Жон С.Маккейн ва отаси Кичик Жон С.Маккейн шарафига номланган.

Мавзуга оид