Спорт | 22:50 / 24.08.2017
40705
2 дақиқада ўқилади

ЎФФ ходими журналистларни «қишлоқи» деб ҳақорат қилди

Ўзбекистон Футбол федерацияси халқаро бўлими ходими Шерзод Игамбердиев «Фейсбук» ижтимоий тармоғида жойлаштирган постида ўзбек футбол журналистларини қишлоқи, деб ҳақорат қилди.

Туркманистон ва Қатар терма жамоалари ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказгани ҳақидаги хабардан иқтибос келтирар экан, у шундай киноя қилган:

«Қатарлик нодон мураббийлар Туркманистонга қарши кечаги учрашувни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишга қарор қилишибди. Бизнинг маҳаллий қишлоқи «журналист»ларимиздан фарқли ўлароқ, улар футболда балони ҳам тушунмайди», — деб пост ёзган ЎФФ ходими.

Ш.Игамбердиев аввал ҳам футбол журналистлари ФИФАдаги маълумотга таяниб, Ўзбекистон МТЖ Таиландга қарши ўртоқлик ўйини ўтказилиши ҳақида хабар берганида, бу хабарни ёлғон, текширилмаган, дея уларни профессионал эмасликда айблаб, ижтимоий тармоқда тортишгани билан машҳур бўлган эди. Алал-оқибатда Ўзбекистон айтилган муддат — 6 июнь куни Тошкентда Таиланд билан ўртоқлик учрашуви ўтказганди.

Пост муаллифининг «журналист» сўзининг қўштирноққа олиши у ҳамон футбол журналистларимизни журналист эмас, деб ҳисоблашидан дарак бериб турибди. Лекин Тошкентда яшаб, фаолият кўрсатаётган, умуммиллий аҳамиятга эга ташкилотда ишлаётган ходимнинг «қишлоқи» сўзини ишлатиши ҳеч бир қолипга тўғри келмаслиги бор гап.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида эртага «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиши маълум бўлгач, бир қатор футбол журналистлари бу мухлислар манфаатига зид ҳолат эканлигини таъкидлаб чиқишлар қилишган эди. 

ЎФФ расмий сайти учрашувнинг бундай мақомда ўтказилаётгани ФИФА талаблари асосида, раҳбарият қарори билан амалга оширганини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид