Ўзбекистон | 18:35 / 27.08.2017
142068
4 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги сирлар очилмоқда

Фото: YouTube

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида янги ўқув йили учун қабул имтиҳонлари натижаларидаги ишонарсиз рақамларни пайқаб қолишди. Таниқли ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев фейсбукдаги саҳифасида «Нархоздаги тасодиф» номи остида пост эълон қилган, унга илова қилинган фотосуратда ўқишга қабул қилинганлар рўйхатидаги абитуриент тўплаган балл билан ўқишга кира олмаган абитуриент тўплаган балл ўртасида жуда катта фарқ борлигини кўриш мумкин.

Кўп ўтмасдан шу университетнинг қабул имтиҳонлари натижаларига оид бошқа суратлар ҳам берилди. Хусусан, Менежмент йўналишининг рус гуруҳларига жами 15 киши (1 та грант, 14 та контракт) олишган ва унга 48 киши ҳужжат топширган. Шунда контрактнинг энг охирги балли 175,6 балл бўлган, аммо чизиқдан пастдаги 1-абитуриентнинг балли 72,5 балл! Яъни, 103 баллик фарқ!

Статистика йўналишида ҳам шундай ҳолат. Бу йўналишга 60 киши қабул қилинган (5та грант, 55та контракт) ва 200 киши ҳужжат топширган. Контрактга кириш балли 177,7 балл бўлган. Киролмаган рўйхатида биринчи бўлиб турган абитуриент эса атиги 87,1 балл тўплаган. Орадаги фарқ 90 баллни ташкил қилади!

«Бу йил 1 августдаги қабул жараёнлари халқ кутганидек, яъни адолатли, қаттиққўллик билан, шаффоф тарзда ўтди, дея айта оламизми?

Тўғри, бир нарсани очиқ тан олиш керак, жорий йилда аввалги йиллардан кўп яхши янгиликлар йўлга қўйилди. Шаффофликни таъминлаш учун замонавий технологиялар ёрдамидан фойдаланилди. Лекин бу ишни ҳамма ОТМлар қилдими? Менимча, йўқ.

Масалан, битта мисолни айтай. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг (ўша машҳур Нархоз) Корпоратив бошқарув йўналишида кириш балларига эътибор қилсак, давлат гранти учун ўтиш балли 214,2, контрактнинг энг охирги балли эса 163,8 бўлган.

Лекин эээээнг қизиғи кира олмаганлар, яъни чизиқдан пастдагиларнинг биринчи ўрнида турган абитуриент 97,3 балл тўплаган. Ундан кейинги абитуриентлар 87, 84, 83, 80 балл олишган. Тасаввур қиляпсизми?! Йўқ, Сиз фарқни тасаввур қиляпсизми, салкам 70 балл?!!!

Маълумот учун, ушбу йўналишга 257 киши топширган. 4та бюджет, 66та контракт олишган. Демак, дастлабки 70 нафар абитуриент 163 баллдан кўп тўплашгану, кейинги 187 нафар абитуриент негадир 100 баллдан кам олишган. Ўта ақллилар ва ўта билимсизлар топширган эканда унда?

Ўтган йили худди шу йўналишга 53та ўрин берилган, яъни бу йилгидан 17та кам. Лекин шунга қарамасдан ўтган йили балл аксинча паст бўлган – 155,4 балл! Бир йилда шунчалик вундеркиндлар кўпайиб кетибди-да? Мантиқ ишламай қолди.

Тасодиф дейсизми? «Тасодифлар тасодиф эмас», деган машҳур гап бўларди.

Хўш, айтингчи, бу шунчаки тасодиф эканлигига, бу ерда ҳеч қандай «схема» ишлатилмаганига кимни ишонтира оласиз? Кимни? Халқни шунчалик аҳмоқ деб ўйлашадими айрим виждонини пулга сотаётган «уддабурон»лар!

Балки «Нархоз»дагиларга менинг бу гапларим ёқмас, балки мени исбот ва далилларсиз ноҳақ гумон қилаётганликда айблашар. Лекин агар исташса, ўша кирган 70 нафар талабалар ва кира олмай қолган сохта «абитуриентлар» билан суҳбат қилиб, калаванинг учига бир кундаёқ етиш мумкин. Фақат бу кўпчиликка ёқмаслиги аниқ», дея ёзган Хушнудбек Худайбердиев.

Мавзуга оид