Жамият | 10:20 / 27.08.2017
8909
2 дақиқада ўқилади

Ғазо сектори аҳолиси 30 йил ичида илк марта кинотеатрга борди

© РИА Новости / Альян Назар

Ғазо секторида яшовчи бир неча юз киши 26 августда 30 йил ичида илк маротаба кинотеатрда фильм томоша қила олишди. Бу ҳақда “Франс Пресс” ахборот агентлиги хабар бермоқда

Маълум қилинишича, Ғазодаги энг эски кинотеатр ҳисобланган “Самер” бир кечага томошабинлар учун ўз эшикларини очди. Шанба кунидаги сеансга 300 нафарга яқин киши келди. Уларга Исроил қамоқхоналарида ушлаб турилган фаластинликлар ҳақидаги “Ўн йил” деб номланган фильм намойиш этилган. Фильм Ғазода олинган.

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, "Самер" кинотеатри 1944 йилда қурилган ва ўтган асрнинг 60-йилларида ёпиб қўйилганди. Сектордаги барча қолган кинотеатрлар “биринчи интифада” (фаластинлик арабларнинг Исроил ҳукуматига қарши қуролли кураши) вақтида ўтган асрнинг 80-йиллари охирида ёпилган.

Фильм намойиши ташкилотчиси Гхада Салмийнинг айтишича, бу намойиш “Ғазода кинони тиклаш”га қаратилган саъй-ҳаракатлар рамзи ҳисобланади.

Биринчи фаластин интифадаси (1987-1991 йиллар) 1967 йилги "Олти кунлик уруш" вақтида Исроил томондан Фаластин ҳудудларининг босиб олинишига қарши фаластинликлар кураши ҳисобланади. 

Мавзуга оид