Ўзбекистон | 18:55 / 28.08.2017
57023
4 дақиқада ўқилади

ЎзМУ ректори университетга «танланганлар» гуруҳи ўқишга киргани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов университетнинг Социология йўналиши учун қабул имтиҳонлари натижаларига кўра, ушбу йўналишга олдиндан «танланган» абитуриентлар ўқишга қабул қилингани ҳақида гумонлар пайдо бўлишига муносабат билдирди. 

«Бундай бемазагарчиликлар олдини олиш учун жиддий кураш бошланди. Жиддий натижаларга эришиш учун бироз вақт керак. Жиддий кураш олиб борилмоқда», дея сўз бошлади ректор Kun.uz журналисти билан суҳбатда.

Ректор Миллий университетда имтиҳонлардаги шаффофликни таъминлаш учун энг янги технологиялар қўлланаётганини эслатиб ўтди.

«Президент бу масалани кўтарганидан кейин кўп ишлар олиб борилди. Ҳужжатларни қабул қилишда фирибгарликларнинг олдини олиш учун энг замонавий технологияларни, юздан, бармоқдан танувчи технологияларни қўлладик, имтиҳонлар вақтида видеокузатувни жорий қилдик. Натижалар яхши бўлди. Бунга ўзингиз гувоҳ бўлдингиз (Kun.uz сайтида бу ўзгаришлар ёритилган).

Вазирлик ҳам, Олий таълим муассасалари ҳам, билимсиз абитуриентлар ўқишга киришидан манфаатдор эмас. Бундан давлатимиз иқтисодиёти зарар кўради.

Ишлар етарлича самара келтирмаётган бўлса, бунинг учун барча айбни олий таълим муассасига юклаш тўғри бўлмайди.

Ташқарида абитуриентларга ўқишга ёрдамга берувчилар катта индустрия ташкил этишган. Бу ишга аралашмайдиганлар кам. Бу ишни касбга айлантириб олишган.

Мен бу масалани ҳукуматга кўтариб чиқдим. Бош вазир раҳбарлигидаги қабул комиссиясида муҳокама қилдик. Натижада, гуруҳларни қайта шакллантирдик.

Масалан, математика факультети, ахборот хавфсизлиги таълим йўналишида бир маҳалладан 30дан ортиқ киши, таълим соҳасига алоқадор бўлмаган аёллар ҳужжат топширгани аниқланди. Уларнинг 7 нафари битта кўчадан. Уларнинг ҳаммаси битта гуруҳни ташкил қилган. Абитуриентлар 30тадан гуруҳга ажратилганида ҳар бир гуруҳга «етакловчилар» («паравозлар») бўлади.

Ҳозирча бундай ҳолатларнинг балки ўндан бирининг, балки, юздан бирининг олдини олишга эришдик. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун сизлар билан ҳамкорликда кураш олиб боришимиз керак», дейди ректор.

Kun.uz журналисти Авазжон Мараҳимовга Социология йўналишида кузатилган ҳолат бўйича изоҳ сўраб, «Қинғир йўллар билан ўқишга кириб олганлар ўқишда давом эттираверадими. Улардан қайтадан тест олиш имкони йўқми?» дея юзланган.

«Давлат тест маркази натижаларини бекор қила олмаймиз. Лекин сентябрь ойида улар билан алоҳида ишлаймиз. Ёзма иш олиш ёки бошқа синов кўринишларида уларнинг ҳақиқий билимини баҳолашимиз керак. Биз буни қиламиз.

Талабни кучайтирсак, ундайлар ўз-ўзидан синовдан ўта олмасдан ўқишдан кетади.

Ўзлаштира олмаган талабалар низом асосида талабалар сафидан чиқарилади», деди ЎзМУ ректори.

Эстафета давом этади. Навбатдаги «тасодиф» Миллий университетда

Kun.uz сайтида Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида кириш имтиҳонлари вақтида қинғирликлар рўй бергани ҳақида маълумотлар келтирилган «Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги сирлар очилмоқда», «Нархоз»да тест куни «ректорская группа» ишлаганми ёки бу бир тасодифми?» ва «Нархоз»га кимлар кирган ўзи: Схема қандай ишлаган?» сарлавҳалари остида мақолалар берилди.

Сайт Тошкент Давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ) ректори Баҳодир Ҳодиев билан боғланиб, ундан изоҳ сўрашни истади. Аммо на у билан боғланишнинг, на ўринбосарларидан жавоб олишнинг иложи бўлди.

Мавзуга оид