Спорт | 21:43 / 30.08.2017
22977
2 дақиқада ўқилади

Марчелло Липпи: Жаҳон чемпионатига чиқиш учун имкониятлар Ўзбекистонда яхшироқ

Фото: ЎФФ матбуот хизмати

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-туридан ўрин олган Хитой – Ўзбекистон учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар устози Марчелло Липпи ва жамоа сардори Женг Зи ўз фикрларини билдириб ўтди. Унинг сўзлари ЎФФ матбуот хизмати томонидан келтирилган.

“ЖЧ саралаш босқичининг сўнгги икки ўйинига жиддий тайёргарлик кўрдик. Ўқув-машғулотлар йиғинида барча футболчилар ўз имкониятини намойиш этди. Шогирдларимда ғалабага бўлган чанқоқликни кўряпман. Гуруҳдаги ҳолатимиз яхши эмас, аммо эртага биз учун сўнгги имконият.

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧга чиқиш учун биздан кўра яхшироқ имкониятга эга эканини биламиз. Аммо биз эртага устунликни қўлга олиб, тактик ўйинимиз орқали ғалабага эришишга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ҳаяжондаманми? Йўқ, ахир мен профессионал мураббийман. Хитой термаси кундан кунга тактик жиҳатдан кучайиб бормоқда ва мен бундан мамнунман. Биргина нарсадан қониқиш ҳосил қилмаяпман – бу Хитой термасининг жаҳон рейтингидаги ўрнидан. Ишончим комил, жамоа яхшироқ натижа қайд эта олади ва ўзимизга бўлган ишонч бунга ёрдам беради”, – деди италиялик мутахассис.

“Эртага уйимиздаги охирги учрашувни ўтказамиз. Барчамиз ушбу ўйинни сабрсизлик билан кутдик. Ортда қолган 8 учрашувда баланд-пастларни бошдан кечирдик. Саралаш босқичидаги ўйинларнинг ҳеч бири осон ўтмади. Нима бўлганда ҳам, эртага ғалаба учун майдонга тушамиз”, – деди 37 ёшли Женг Зи.

Эслатиб ўтамиз, Хитой – Ўзбекистон учрашуви эртага, 31 август куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.

Мавзуга оид