Ўзбек миллий ипакчилик санъатига бағишланган китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди
30 август куни "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида "Ўзбек ипагининг гулгун фасли" номли китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ўзбек миллий тўқувчилик мактаби ва ипакчилик санъатининг келиб чиқиш тарихи ҳақида сўз борди.
Тақдимот маросимида маданият, санъат, фан арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Мазкур китоб Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида нашр этилган.
Янги китоб тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва француз) чоп этилган бўлиб, унда миллий ипакчилик анъаналари ҳақида ҳикоя қилинади. Бу асарни бир сўз билан миллий ипакчилигимиз ҳақидаги бетакрор солнома деб аташ ҳам мумкин.
Китобни варақлар экансиз, миллий газламаларнинг келиб чиқиш тарихи, атлас, адрас, беқасам, шойи каби матоларнинг таърифи, шунингдек, қизиқарли маълумотларга гувоҳ бўласиз. Шунингдек, ҳар бир мавзу ранг-баранг суратлар билан уйғунлашгани китобхонда катта қизиқиш уйғотади.
"Икат" услубидаги кўҳна тўқувчилик ҳунари авлоддан авлодга ўтиб келаётган мўтабар омонат ўлароқ бебаҳо маданий бойлигимиз саналади. Бетакрор ва беназир ипакчилик мактаби асрлар давомида нашъу намо топди. Миллий ҳунармандлар ўзбек халқининг чинакам маданий бойлиги - ипакчилик усуллари ва анъаналарини кўз қорачиғидек асраб келаётгани таҳсинга сазовор", деди Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева тақдимот маросимида.
Шунингдек, Лола Каримова-Тиллаева ушбу рисолани тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшган Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонасига, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори Акбар Ҳакимов, санъатшунослик фанлари номзоди Шаҳло Абдуллаева, ўзбек ипакчилик анъаналарини қайта тиклаган моҳир уста Расул Мирзааҳмедов ва бошқаларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Мавзуга оид
14:39 / 06.12.2024
Ангела Меркелнинг китоби стартдаёқ бестселлерга айланди
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
11:53 / 06.10.2024
Ўқув маркази, китоб дўкони ва SMM: Икки йилда учта бизнес очган ёш тадбиркор ҳикояси
14:40 / 31.08.2024