Спорт | 23:15 / 02.09.2017
115612
2 дақиқада ўқилади

Олтин бола! Шаҳрам янги қаҳрамон

Германиянинг Ҳамбург шаҳрида AIBA шафелиги остида ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг финал учрашувлари давом этмоқда.

Маълумки, вакилларимиздан тўрт боксчи финалга йўл олган ва уларнинг ҳаммаси кубалик боксчиларга қарши жанг ўтказишмоқда.

69 кг. вазн тоифасидаги боксчилар иштирокида бўлиб ўтган финал жангида Шаҳрам Ғиёсов ҳам кубалик Рониэл Иглесиас Гомесга қарши рингга чиқди ва тезкор услуби билан қийналмай ғалаба қозонди — 5:0! Барча ҳакамлар барча раундларда Шаҳрамга катта устунлик билан очко беришди: 30:27, 30:27, 30:27, 30:27, 30:26!

Бунгача ўтказилган финалларда Ўзбекистон вакилларининг барчаси мағлуб бўлган ва кумуш медаллар билан кифояланганди.

Аввалига 46–49 кг вазн тоифасидаги боксчилар ўртасида бўлиб ўтган жангда Ҳасанбой Дўсматов кубалик Жоанис Аргилагосга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

52 кг.гача бўлган вазн тоифасида эса энг тажрибали боксчиларимиздан бири Жасурбек Латипов кубалик Йосбани Веитиага қарши рингга кўтарилиб, 0:5 ҳисобида ютқазди.

64 кг.гача вазн тоифасида Иқболжон Холдоров ҳам кубалик Анди Круз Гомесга қарши рингга чиқди ва ҳакамлар қўйган балларга кўра, 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди ва терма жамоамиз ҳисобига учинчи кумуш медални олиб келди.

Шу билан боксчиларимиз учун бокс бўйича жаҳон чемпионати ниҳояланди. Вакилларимиз 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, медаллар сони ва сифати бўйича тарихдаги энг яхши натижасини кўрсатишди.

Мавзуга оид