Зафар Ҳошимов: «Эркин валюта курсида айрим истеъмол маҳсулотлари нархи туша бошлайди»
«Корзинка.уз» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов телеграмдаги каналида валюта бозорининг эркинлаштирилишига оид ўз фикрларини баён қилди.
Валюта бозорини эркинлаштириш нима ва бу миллий валюта расмий курсининг долларга нисбатан девальвациясидан сўнг импорт истеъмол товарларининг нархи ошадими, деб мендан тез-тез сўрашади.
Менинг жавобим: йўқ.
Гап шундаки, истеъмол товарларининг импорти анчадан буён расмий конвертация билан молияланмаётган эди ва уларнинг нархи параллел (қора) бозор курсида шакллантирилаётган эди. Бундан ташқари, бу импортни амалга ошираётган корхоналар турли комиссион тўловлар ва биржа курси туфайли бозор курсидан ҳам ортиқроқ тўлашга мажбур эдилар. Бу ҳолатда маълум бир тузилма ва шаффофлик йўқлиги туфайли ҳамма ҳам бундай операциялардан фойдалана олмасди. Бундай савдо корхорналарининг раҳбарлари савдо операцияларини такомиллаштириш ва нархларни пасайтириш ўрнига, импортни молиялаштириш учун валюта манбаларини топиш учун кўп ресурс ва вақт сарфларди.
Энди барча тадбиркорлик субъектларига ўз банкларидан бозор шароитларида валюта харид қилиш учун тенг шароитлар яратилгач, бозорда қатнашувчилар сони ортади, рақобат ошади, бу операциялар учун самарадор курс рухсатнинг енгиллаштирилгани ва шаффофлик туфайли ҳаттоки бироз тушади ҳам.
Президентнинг валюта бозорини либераллаштириш ҳақидаги фармонида муҳим истеъмол товарларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича алоҳида бандлар киритилган. Бу давлатимизнинг аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор нархларини таъминлаш ташвиши ва салбий оқибатларни бартараф этиш билан тушунтирилади.
Лекин мен аминманки, ушбу фармон шарофати билан юзага келадиган тенг шароитларда импорт қилинадиган истеъмол товарларининг нархи яқин уч ой-ярим йилда пастга туша бошлайди.
P.S. Фармонда божхона божлари ва тўловларининг муштараклашиши ҳақида ҳам сўз боради. Бу жуда муҳим ҳол, чунки Марказий банк курси девальвация қилинганида ўз-ўзидан божларнинг миқдори кескин ортади. Яқинда қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, ана шундай ошишнинг олдини олиш мақсадида импорт билан юртимизга кириб келадиган бир қатор маҳсулотлар — ун, гўшт, ўсимлик ёғи, ёрмалар каби товарларнинг божхона божлари ва акцизлари олиб ташланди ёки пасайтирилди.
Бироқ биз ҳанузгача кўплаб бошқа истеъмол товарларининг импортига боғлиқмиз, агар бож ва тўловлар ҳисобланаётганида уларнинг миқдори икки баробар ошадиган бўлса, бу нархларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Мавзуга оид
20:49 / 21.12.2024
“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов
08:30 / 30.03.2023
Божлардан вақтинча қутулиш: озиқ-овқат нархлари қандай арзонлаяпти?
19:18 / 27.03.2023
Президент фармони билан бож тўловидан озод қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи арзонлашяпти — Зафар Ҳошимов
11:05 / 08.08.2022