Ўзбекистон | 16:50 / 06.09.2017
45222
4 дақиқада ўқилади

Зафар Ҳошимов: Эркин конвертация амалиёти бошлангандан кейинги дастлабки хулоса ва кузатувлар

Фото: «Korzinka.uz»

Таниқли тадбиркор, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов эркин конвертация механизмлари эълон қилинганидан сўнг дастлабки хулоса ва кузатувлар борасида мулоҳазаларини билдириб ўтди. Тадбиркор курс тўлақонли бозор механизмлари асосларида шаклланишига, яъни банклар иштирокидаги валюта биржасидаги ҳар кунлик савдолар асосида белгиланишини таъкидлаган.

«Марказий банк ҳафтасига бир марта мамлакат ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун расмий курсни белгилайди. Бунда Марказий банкнинг курси ўтган ҳафтадаги биржа савдолари ўртачаси бўлади. Жисмоний шахслар нақд валютасини валюта айирбошлаш шохобчаларида нақд сўмга сотишлари мумкин. Доллар эса конверсион карталарга сотилади. Айтганча, конверсион карталардан жуғрофий чекловлар олиб ташланмоқда, яъни Туркияда, Хитойда, БАА, қаерда ишлатиш имкони бўлса, ўша ерда фойдаланиш мумкин. Конверсион карта орқали интернетда онлайн тўлаш мумкин бўлади.

Шунингдек, мобил алоқа операторлари, провайдерлар хизматларига тўловлар жорий йилнинг 4 сентябрь кунги курс (яъни девальвация кунигача) бўйича қатъий белгиланади. GM автомобиллари ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» чипталари учун нархлар девальвациягача бўлган курсда «музлатиб қўйилди». Бундан ташқари, «Ҳавошка»нинг чипталарни долларга сотиш амалиёти бекор қилинди. Мамлакат ҳудудидаги халқаро олий таълим муассасаларида контракт тўловлари бўйича ҳамма нарса аниқ эмас. Масалан, ИНҲА контракт тўловини девальвациягача бўлган курсда сўмга тўлиқ ўтказди, бошқа ОТМлар (Сингапур, Вестминистер) ҳали ўйлаб кўришаяпти.

Божхона тўловлари, Президент Фармонида кўзда тутилганидек, импорт қилинадиган товарлар нархлари кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида бир ҳафта мобайнида қайта кўриб чиқилади. 20 фоизлик ҚҚС ставкаси сақланиб турадиган бўлса, айрим импорт қилинадиган товарлар нархи барибир ошиши мумкин. Агар бу топшириқ аниқ ва самарали бажарилмаса, чет элдан хар хил «қора» ва «соя» схемалар орқали товарлар олиб келиш кўпаяди. Бир тарафдан, бу давлат бюджетига тушумларга салбий таъсир кўрсатса, бошқа тарафдан бу «қора бозор» учун янги «ўлжа» бўлиб хизмат қилади, ҳамда у ерда валютага талабни орттиради, сўмга номутаносиб таъсир кўрсатиб, нақд пулларнинг банкдан ташқари айланишини кўпайтиради. Бир сўз билан айтганда, яхшиликка олиб келмайди. Шундай қилиб, барча турдаги импорт қилинадиган товарларга божхона божлари ва тўловларини имкон қадар тезроқ тушириш лозим.

Юридик шахслар ўз банкларида жорий нархларда, бошига 8000-8150 коридорида валюта харид қилади.

Кўпчилик харид қилинадиган валютанинг картага ўтказилиши амалиётини «қора бозор»ни сақлаб қолади, демоқда. Мен бунга қўшилмайман. Агар банклар нақд валютани қарийб бозор курсида сотиб олаётган бўлса, ким уни банкка эмас, қора бозорга сотиш учун таваккалчиликка қўл уради? Агар ҳеч ким нақд валютани қора бозорга сотмасдан, банкларга топширар экан, қора бозор нақд валюта хоҳлаётганларга нақд валютани қаердан топиб беради? Шу нуқтаи назардан банкда валюта харид қилиш нархи қора бозордагидан кўра қимматроқ эканлиги мантиқан тўғри. Мабодо қора бозор сақланиб қолган тақдирда ҳам, у жуда маргиналлашади ва очиқчасига жиноят масканига айланади, у ерда бир гуруҳ ёмон одамлар ўзларининг қора ишлари билан шуғулланишади.

Ва ниҳоят, энг асосий хулоса: тан олайлик, давлат аҳолини девалвациянинг салбий оқибатларидан максимал даражада ҳимоя қилишга ҳаракат қилди. Мен бунақа инсонпарварлик руҳидаги девалвацияни кўрмаганман».

Мавзуга оид