Жаҳон | 08:03 / 11.09.2017
14634
2 дақиқада ўқилади

“Ирма” довули Флоридага ёпирилди

Фото: Reuters

“Ирма” довули АҚШнинг Флорида штати соҳиллари яқинидаги Марко оролига ёпирилди. Бу ҳақда АҚШнинг миллий метеорологик маркази маълум қилди.

Довул оролга маҳаллий вақт билан 10 сентябрь соат 15.35да етиб келган ва шимолий йўналишда соатига 19 км тезлик билан ҳаракатланишда давом этган. Мутахассисларнинг фикрича, 4-тоифадаги довулгача кучайган “Ирма” яқин соатларда Сент-Питерсберг шаҳрига ёпирилади. Шундан кейин “Ирма” шимолга – штат пойтахти Таллахасси томон кетади. Бу вақтга келиб довул кучи 3-хавфлилик даражасигача пасаяди.  

Ҳукуматнинг прогнозларига кўра, довулдан у ёки бу тариқа 30 млн дан кўпроқ киши жабр кўриши мумкин. Флориданинг 6,3 млн лик аҳолиси эвакуация қилиниши белгиланган. 114 мингга яқин киши 500 та вақтинчалик панагоҳларда жойлаштириб бўлинган.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Флорида губернатори Рик Скотт Атлантика бўйида яшовчи одамларни Тангридан мадад сўрашга ва барчаси яхшилик билан тугашига умид қилишга чақирдилар. Вашингтонда Флоридага исталган ёрдам кўрсатишга ваъда берилган. 

Мутахассисларнинг фикрича, “Ирма” август сўнгида Техасга ёпирилган ва фалокатли тошқинларга олиб келган “Ҳарви” довулидан ҳам кучлироқдир. Аввалроқ Куба ва Кариб ҳавзасининг бир қатор ороллари “Ирма” зарбасига учради. Бу жойларда табиий офатдан 1,2 млн киши жабр кўрди. Жумладан, довул Барбадос оролидаги деярли барча биноларни вайрон қилди ва Пуэрто-Рико аҳолисини электр таъминотисиз қолдирди. Довул, шунингдек, Британия Виргиния ороллари, Сен-Мартен, Сен-Бартелеми ҳамда Сент-Китс ва Невисда ҳам талофотлар келтириб чиқарган.

Мавзуга оид