Ўзбекистон | 20:25 / 22.09.2017
48754
3 дақиқада ўқилади

Халқаро экспертлар Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳақида фикр билдиришди

22 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги «​Miran International»​ меҳмонхонасида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида ташкил этилган «Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ташқи сиёсий фаолияти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда ташкилотчи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари билан бир қаторда АҚШ, Россия, Буюк Британия, Швеция, Бельгия, Франция, Хитой, Япония, Покистон ва Ҳиндистондан ташриф буюрган, жами 26 нафар эксперт ҳам иштирок этди.

Авваламбор, ушбу давра суҳбати Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТдаги илк нутқи янграганидан сўнг ташкил этилишида алоҳида рамзий маъно бўлиб, эндиликда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ижобий имижини ишлаб чиқиш, олиб борилаётган ислоҳотлар билан жаҳон ҳамжамиятини холисона таништириш каби ташаббусларнинг кўпайишини тахмин қилиш мумкин.

Тошкентга ташриф буюрган Буюк Британия Парламенти Лордлар Палатаси вакили лорд Муҳаммад Илтаф Шайхнинг айтишича, мамлакатда ўтган президентлик сайловларидан сўнг амалга оширилган ишларга қараб баҳо берилса, халқ мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий ворисини танлашда адашмаган.

«​Кенг жамоатчилик фикрига таянган ҳолда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси эса тўғри йўлда ривожланишинг харитаси бўлиб хизмат қилади. Стратегияда қайд этилган бандлар бўйича таҳлил қилсак, ундаги ташаббуслар Ўзбекистонда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш, савдо ва тадбиркорлик фаолиятини олиб боришни яхшилаш, қишлоқ хўжалиги, хусусий мулк, ижтимоий муносабатлар, таълим ва ташқи сиёсий фаолиятни янги босқичга олиб чиқишда амалий таянч бўла олади»​, деб фикрини бошлади жаноб лорд Муҳаммад Шайх.

У ўз нутқи давомида Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб, эркин конвертация амалиёти республиканинг барча банкларида жорий этилганини эътироф этди. Шунингдек, тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда яхши механизм - бизнес-омбудсман институтининг ташкил этилиши хорижий сармоядорларда ҳам Ўзбекистонда иш олиб боришга ишончни орттиришга хизмат қилишини айтиб ўтди. Муҳаммад Илтаф Шайх давра суҳбати мобайнида ўз сўзларининг амалий ифодаси ўлароқ, жорий йилнинг 18 ноябрь куни Лондонда ташкил этилиши режалаштирилган Ўзбек-Британия Савдо ва Саноат кенгашининг навбатдаги конференциясида икки томондан кўплаб тадбиркорлар ҳамда вазирлик мутасадди вакиллари иштирок этишини билдирди.

Даврада ҳозир бўлган экспертлар Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятда устун бўлган Марказий Осиё минтақасидаги сувдан фойдаланиш ва Афғонистонда барқарор тартибни ўрнатиш каби масалаларни ижобий ҳал этишда қўшни мамлакатлар ҳамкорлик қилиши керак, деган фикрни илгари сурди.

Британиялик меҳмон билдирган фикрга кўра, ҳар бир давлат ўз демократиясини узоқ йиллар давомида яратади. «Ўзбекистон бу масалани таълим жараёнларини ислоҳ қилиб бориши билан қуришига ишонаман», дейди у.

Мавзуга оид