Спорт | 18:48 / 01.10.2017
14268
9 дақиқада ўқилади

Дарсликларга киритилиши лозим бўлган ўйин услуби. Гвардиола жамоасининг кечаги ғалабаси таҳлили

Фото: Reuters

Англия премьер-лигаснинг 7-турида мавсумнинг энг марказий учрашувларидан бири бўлиб ўтди. Унда Гвардиола ва Конте ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди.

Ўйин олдидан

«Бу «Сити»ни тўхтатиб қолиш мумкинми? — Англиянинг марказий нашрлари АПЛнинг энг марказий учрашуви олдидан энг кўп ишлатган сарлавҳа айнан шундай кўриниш олганди. Англиядаги биринчи мавсумни янги муҳитга мослашиш учун сарфлаб юборган ва натижада барча совринларни қурбон қилган Гвардиола янги мавсумда чемпионлик учун энг асосий даъвогар эканини исботлаб келмоқда. Оддий статистик мисол «Сити» АПЛдаги сўнгги уч урашувни жами 16:0 ҳисобида, барча мусобақаларидаги сўнгги 6 учрашувни эса 24:1 ҳисобидаги тўплар нисбати билан ғалаба қозонганди. Бу исталган мухлис-у мутахассиснинг эътиборини тортиши табиий эди.

«Манчестер Сити» ўтган йилни ҳам худди шундай бошлаганди», деб, «Сити»нинг бўлажак ўйинларида пасайиш юзага келишига ишонган Контеда балки бунга асос ҳам бўлгандир. Чунки «Челси» ҳам яхши спорт формасига кириб олганди. Жамоа ва ниҳоят ўзига мос янги «Дрогба», янги «тўққизлик» ҳужумчи — Альваро Моратани топганди. Испан ҳужумчиси янги жамоага келиб қўшилганидан буён киритилган деярли барча голларда бевосита иштирок этишга улгурди. Таркиб ҳам анча ўзига келиб олганди Азар аста-секин формага кириб бормоқда, биргина Давид Луиз дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юбориши керак эди. «Манчестер Сити»да бу борада йўқотишлар анча жиддий эди. Дунёнинг энг қиммат ҳимоячиси Менди апрелга қадар сафдан чиққан бўлса, Агуэро Нидерландиядаги авария сабаб жамоага ёрдам бера олмайди. Жамоа сардори Венсан Компани эса деярли бир ойдан майдонга тушмаётганди.

Конте ғояси

Давид Луиз сафда йўқлиги натижасида Конте орқа чизиқда сезиларли ўзгаришлар қилишига тўғри келди. Ҳимоя маркази Кэйҳилл, Рюдигер, Кристенсен учлигига ишонилди. Латерал ролини Аспиликуэта ва Маркос Алонсо эгаллади, керак вақтда Фабрегас кўпроқ ҳимояга ёрдамчи вазифасини бажарди.

Контенинг асосий мақсади майдон марказидаги устунликни бериб қўймасликдан иборат эди. Шу мақсадда Бакайоко ва Фабрегас ўртага жойлаштирилди, аммо рақиб услубидан келиб чиқиб улар анча чуқур, ҳимояга жуда яқин ўйнашди. Жамоанинг ўтган йилги чемпионлигидаги асосий қурол Нголо Канте салкам чап қанот вингери вазифасида кўпроқ кўриниш берди. Албатта вақти-вақти билан Сеск ва Канте жой алмашиб туришди (1-расм), аммо вазифа ўзгармаганди — «Сити»га марказ бўйлаб ўткир паслар беришга имкони бермаслик.

Бу ўринда асосий чекланиши керак бўлган объект Жон Стоунз ва Фернандиньо ўртасидаги марказ бўйлаб бошланажак ҳужумларни чеклашдан иборат эди. Мората ўйиндан чиқиб кетгунига қадар Азар билан бажарган бирламчи вазифаси (2-расм) айнан шу иш билан шуғулланиш эди.

Жон эса қанот билан тўп оширишга мажбур бўлганида эса, «Сити» таркибида нисбатан яхши пас билан ўйнай олмайдиган (қанчалик ғалати эшитилмасин шунақаси ҳам бор) Отаменди ёки Кайл Уокерга тўп оширилган вақтда юқори прессинг икки ҳисса (3-расм) оширилади.

Мората жароҳат олган вазиятда эса Конте унинг ўрнига бир хил функция бажарадиган Батшуайини эмас универсалроқ ва тезкор Виллианни ўйинга қўйишга қарор қилди. Бу «Сити» ҳимоясига нисбатан прессингни тезлаштириши ва кучайтиргани рост, аммо марказий ҳимоячилар ва Сескда майдон маркази бўйлаб тўпни ошириб бериш учун ҳеч ким қолмаганди. Мората майдонда бўлган пайтда эса Контенинг марказ бўйлаб ҳужум ташкил қилиш режаси аниқ кўриниб турганди. Керак бўлса, Мората Сеск ўрнида, Сеск Мората ўрнида (4-расм) пайдо бўлиши мукмкин эди.

Иккинчи бўлимда «Челси» Азар марказий ҳужумчи ролида бўлган 3-6-1 схемасига бутунлай ўтиб олди (5-расм). Натижа — рақиб жарима майдонида деярли нолга тенг фойдали иш коэффициенти.

65-дақиқага келиб «Сити» икки «яширин» (русчасига — ложный) фулбэклар ёрдамида бутунлай устунликни қўлга олганида, Конте хатосини тушуниб етгандек ўзгаришга тайёрланаётганди, аммо улгурмади. Бир соатдан ошиқроқ вақт давомида «Челси» баланд бўйли ҳимоячилари ортида қолиб кетаётгандек кўринган Жезус Де Брюйне билан «девор услуби»ни ажойиб тарзда бажарди (6-расм) ва «Сити»нинг «малла жавоҳири» икки оёқда ҳам бир хил зарба бера олиш устунлигидан фойдаланиб ҳисобни очди. 

Конте ўтказиб юборган голдан сўнг захирадан ўзгариш қилишга қарор қилди. Аввалига тушиши лозим бўлган футболчи ўрнига Педро танланди, шунингдек Миши Батшуайи ҳам ўйинга қўйилди. Аммо Педронинг майдон марказини ҳаминқадар ушлаб турган Бакойоко ўрнига туширилиши, «Сити» учун айни муддао эди. Энди Гвардиоланинг ўйлаб қўйган барча режалари ўхшаётганди.

Гвардиола ғояси

Гвардиола биринчи дақиқалардан «Челси» марказ бўйлаб ҳужум қилишга имкон бермаслигини яхши биларди. Шу маънода у иккита тактик юриш қилди. Биринчидан, Стоунзни «яширин» таянч ярим ҳимоячисига айлантириш ва керак бўлса, Фернандиньоданда олдинга чиқиб ўйнашини таъминлаш ва айнан у орқали Де Брюйне ва Давид Сильвани излаб топиш эди. Натижада, айнан Жон учрашувда энг кўп ва энг аниқ пасни (7-расм) амалга оширган (80та пас, 78та аниқ пас) футболчи (Squawka маълумоти) бўлди.

Иккинчи тактик режа бу Гвардиола жорий мавсумда энг кўп ишлатаётган «яширин» фулбэклар орқали ўйинни ташкил қилиш эди. Уокер ва Делф (айниқса Делф) фантастик даражадаги иш кўламини намойиш этди ва улар орқали Фернандиньо ва Стоунз ҳимоядан бошланган ҳужумлар вақтида рақиб прессингидан (8-расм) осонлик билан чиқиб кетишга муваффақ бўлди.

«Челси» асосий эътиборини марказни чеклашга қаратган вазиятда «Сити» қанот яқинида ўзининг севимли «учбурчак» услубини (9-расм) қўллашга ҳаракат қилди.

Бу эпизодда Сильва хавфли юришни давом эттирган бўлсада, аслида қанотлар бўйлаб ҳужумга отланган Сане ёки Стерлингда жуда катта бўш зоналар юзага келаётганини кўришимиз мумкин. Бунда иккита вариант бўлади. Сильва (ёки ўрнида Де Брюйне) ўзи хавф туғдириши ёки Стерлинг (ёки Сане) орқали ўткир ҳужумни ривожлантириши мумкин. (10-расм) «Челси»га қарши ўйинда бир неча маротаба бу ҳолат такрорланди. Умуман «Сити»нинг бу мавсумдаги жуда кўп ўйинларида бу ҳолатни кузатишимиз мумкин.

Гол киритилган вазият

Гвардиола «Челси»нинг марказни бир муддат бўш бўлишини кутди. Бир соатга яқин вақт давомида қанотлар орқали ҳужумни ривожлантиришга уринган «Сити» ўша вазиятда Фернандиньо Де Брюйне ва Габриэл Жезус комбинациясини айнан майдон марказидан уюштиришди. Бу ўринда Жезус ва Де Брюйненинг қарийб 6 нафар «Челси» ҳимоячилари орасидан (6-расм) яратган вазияти таҳсинга сазовор.

Гвардиола бу кеча захиралар бўйича ҳам Контени мағлубиятга учратди. Чарчаб қолган Сильва ва қанот бўйлаб югурган Лерой Сане ўрнига мос равишда Бернарду Силва ва Илкай Гундўған туширилди. Ҳисобда олдинда бораётган жамоа учун тўпни яхши назорат қила оладиган бундан яхши захира футболчиларини топиш мумкинми? Ҳар холда бу кечада эмасди.

Азамат Муродов тайёрлади

Мавзуга оид