Спорт | 20:00 / 06.10.2017
18660
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик 9 боксчи Қозоғистондаги турнир ярим финалига чиқди

Қозоғистоннинг Актау шаҳрида бокс бўйича халқаро хотира турнири ўтказилмоқда. Ушбу турнирга борган Ўзбекистон вакилларидан 9 нафари ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Ушбу турнирда 15 га яқин давлат – Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Мўғилистон, Қозоғистон, Беларусь, Польша, Финляндия, Озарбойжон, Грузия, Арманистон, Россиядан 200 нафардан ортиқ чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда. 

5 октябрь куни «Мангустау Арена»да бўлиб ўтган чорак финал жангларидан сўнг турнирда иштирок этиш учун борган 10 нафар ўзбекистонлик боксчидан 9 нафари ярим финал йўлланмасини қўлга киритган. 

6 октябрь куни ярим финал, 7 октябрь куни эса турнирнинг ҳал қилувчи беллашувлари бўлиб ўтади.

Чорак финалда ўзбекистонлик боксчилар қуйидаги рақиблардан устун келишган:
49 кг Мироншоҳ Иброҳимов - Абай Эскуатов (Қозоғистон)
56 кг. Отабек Холматов - Нигметолла Молдашев (Қозоғистон)
60 кг. Муроджон Аҳмадалиев - Меирболат Тоитов (Қозоғистон)
64 кг. Элнур Абдураимов - Нурлихат Отепбергенов (Қозоғистон)
69 кг. Маҳмуд Гаипов - Ильяс Адзинаев (Беларусь)
75 кг. Исроил Мадримов - Руфат Ҳусейнов (Озарбойжон)
81 кг. Мадияр Саидраҳимов - Амир Налгиев (Қозоғистон)
91 кг. Санжар Турсунов - Николоз Бегадзе (Грузия)
+91 кг. Баҳодир Жалолов - Нурболат Сермаҳанов (Қозоғистон). Энди Баҳодир ярим финалда арманистонлик Давид Чалоян билан куч синашади.

52 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Фозилжон Абдумуродов Баккож Инаятуллаевга (Қозоғистон) имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этган.

Мавзуга оид