Жамият | 08:15 / 07.10.2017
53575
2 дақиқада ўқилади

Жасурбек Иброҳимов иши: шифокорлар тингланди

6 октябрда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судида П.Боровский коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимов ўлими юзасидан бўлиб ўтаётган суд мажлиси давом этди. Суд раиси ва томонларнинг адвокатлари келишувига кўра, бу сафар Жасурбекка тиббий ёрдам кўрсатган 2-сонли Шаҳар болалар жарроҳлиги клиник шифохонаси ходимлари кўрсатмалар беришди. 

Дастлаб ШБЖКШ бош врачи муовини Тоҳир Ҳасанов Жасурбекнинг шифохонага келтирилганидан 16-сон шаҳар клиник шифохонасига етказилганигача бўлган муддатдаги ҳолатлар бўйича ўзи гувоҳ бўлган жиҳатларни сўзлаб берди. Унинг айтишича, Жасурбекда перитонит аломатлари борлиги анча кеч аниқланган. Чунки қорин бўшлиғи ҳаво борлиги аниқланган. Бу эса ковак аъзоларнинг бирида паталогик ўзгаришлар борлигини англатар эди. Маълум бўлишича, жабрланувчининг ошқозоности бези ва ўт пуфагидан ўн икки бармоқли ичакка уланадиган найчалари қисмида ёрилиш юз берган. Шундан сўнг, зудлик билан жарроҳлик амалиёти тайинланган. 

Кейинги кўрсатма берувчи, 2-сонли ШБЖКШ реаниматолог-анестизиолог Маҳфуза Абдуллаеванинг изоҳ беришича, Жасурбекка ўз вақтида аниқ ташхиснинг қўйилмаганига паталогик ўзгаришга учраган аъзо қориннинг ички томонда жойлашгани ҳамда бошқа аъзолар билан ҳимоялангани сабаб бўлган. Унинг айтишича, унинг 40 йиллик иш тажрибасида бундай ҳолат биринчи марта кузатилган.

Шу билан суд мажлиси ўз якунига етиб, навбатдаги суд мажлиси  9 октябрда давом эттириладиган бўлди. 

Мавзуга оид