Спорт | 20:10 / 08.10.2017
13547
7 дақиқада ўқилади

«Футбол Пикассоси». Мен нега Пирлони яхши кўраман?

«Мен тушликдан кейин бироз ухладим, кейин туриб, озгина PlayStation ўйнадим. Кечқурқун эса, жаҳон чемпионатини ютиб олдим. Яхши кун бўлди» (Андреа Пирло ЖЧ-2006 финали ҳақида)

Миржалол Қосимов футболни тарк этганида, ҳаммани бир савол ўйлантириб қўйган эди — энди унинг ўрнини ким босади? Қосимов ўзига шу қадар ўргатиб қўйган эдики, ҳар қандай жамоада худди унинг амплуасидаги, худди унинг вазифаларини бажарадиган, у каби жарима тўпи тепадиган, у каби аниқ паслар узата оладиган маэстро бўлиши шарт деб ўйлармидик, билмадим. Аслида, жамоалар бир-бири билан фарқ қилишини, аслида бир футболчи елкасига бу қадар юк қўйилмаслигини билмасмидик, билмадим.

Мисол учун, Италия терма жамоаси ўйин услуби шуни тақозо қиладими ёки миллат характери шунақами, уларда доим майдон марказида ўйинни бошқарадиган, шерикларининг позициясини жуда яхши ўқий оладиган, ақлли футболчилар доим бўлган. Димитрио Албертинидан кейин бу вазифа Андреа Пирлога топширилди, бу футболчи мени ўзига шу қадар ром этгандики, ҳалигача баъзи сайтлардаги «ник»им Пирло номи билан боғланган.

Бу ҳайрат қачон бошланган аниғини билмайман. Балки, «Милан» либосида пайдо бўлиб, ёшига хос бўлмаган тарзда ақлли тўп узатишларини амалга ошира бошлаганда эътибор қаратгандирман.

Балки сал кейинроқ, Германияда ўтган жаҳон чемпионати ярим финалининг қўшимча бўлимларида, тўпни узоқ муддат ўзида ушлаб қолиб, гўёки имконсиз қолаёзган вазиятда, Фабио Гроссога заргарона тўп оширганда қойил қолгандирман.

Балки унданам кейинроқ, ўз вақтида жаҳон чемпиони ва Чемпионлар Лигасини ютган юлдуз бўлса-да, «Милан» уни чиқитга чиқараётганида бир оғиз сўз демай, «Ювентус»га бориб, ўз ишини давом эттирганида тан бергандирман.

Балким, Европа чемпионати чорак финалидаги инглизларга қарши кечган пенальтилар сериясини кўпроқ эсларман, ўшанда ҳамма ҳаяжонланиб турган бир вазиятда пенальтини Паненка усулида амалга оширган ва ўша куни ким ярим финалга чиқишини муддатидан олдин ҳаммага кўрсатиб қўйган эди.

Ўша турнир финали ҳам ёддан чиқмайди, 0:4 ҳисобида мағлуб бўлиб жамоа аъзоси бўлиб туриб ҳам, унинг йиғиси жами испанларнинг қувончидан буюкроқ туюлганди, менга. Фақат менга эмасдир. Эҳ-ҳе, бундай ёрқин лаҳзалар кўп-ку!

Менимча, бир инсонни ёқтирсангиз, айнан қайси сифати, қайси ҳаракати учун шунақа эканини билиш қийин, аммо мана шундай хотираларни санаганингизда шу қадар кўп бўлади-ки, уларнинг алоҳида ҳар бири эътиборга лойиқдек. Тўғриси, футболда яна кимдан бу қадар ҳайратланганимни билмайман.

Уни ўз вақтида, «Барселона» бошқарувига келган куниёқ, Пеп Гвардиола жамоаси сафида кўришни орзу қилганди. Хави - Иньеста - Пирло: тасаввур қиляпсизми?

Уни Пабло Дибала ўз кумири деб билади. Аргентиналик ҳужумчи «Ювентус«да порлаган икки футболчини «тан олар» экан — Пирло ва Дель Пьерони.

У «Милан»ни тарк этаётганида Галлиани унга клуб эмблемаси туширилган биргина ручка совға қилган ва «Ювентус» билан шартномага имзо чекма бу ручка билан» деб ҳазиллашган экан. Ўн йил жамоага борини бериб, бир неча совринлар ютишда кўмаклашиб, хайрлашув фақат бир ручка ва кулгили бўлмаган ҳазил билан якунланган. Аммо Пирло ўшанда ҳам индамай кетганди.

У «Интер», «Милан», «Ювентус» каби «аждарҳо»ларнинг ҳар бирида майдонга тушган бўлса-да, бу жамоалар мухлислари Пирлони ҳурмат қилишади. Мана шундай бўла оладиган бошқа италиялик борми?

У ҳақида Женнаро Гаттузо шундай деганди: «Мен илк бор Пирлонинг тўп узатишлари ва тўп билан қилаётган муомаласини кўриб, ўйлаб қолдим, наҳотки бу ҳаракатларни кўрган бошқа инсонлар мени ҳалиям футболчи деб ўйлашса...»

Унинг ақлий фикрлаши ва аниқ тўп узатмаларидан келиб чиқиб, кўпчилик математика ва геометрия ҳақида гапирса-да, Пирло бу фанлардан яхши ўқимаганини очиқ тан олади. Уни кўпроқ мусаввирлик қизиқтирган экан ва у Пабло Пикассонинг чинакам мухлиси эканини кўп бора таъкидлаб ўтган.

«Мен фикрлаяпман, демак ўйнаяпман» — бу Андреа Пирлонинг автобиографик китобининг номи. Унинг ўйин услуби ҳам тафаккурнинг ўзгинаси бўлса-да, у доим камтар бўлиб қолган. Соч турмаги, қандайдир дриблинг ёки финт орқали уни танимаймиз. Қачонки тўп ўта моҳирона тарзда, экран қаршисида ҳатто биз ҳам пайқай олмаган футболчига қулай етказиб берилгандагина англаймиз — бу Пирло!

Балки бу унинг камтарлигидир.

«Мен ўйин пайтида нима ҳақида ўйлашимни тушунтириб бера олмайман. Айтарли ҳеч нарса. Фақат шуни айтишим мумкинки, футболда энг муҳими — оддийлик. Ҳаммасини осонгина бажариш мумкин бўла туриб, нега мураккаблаштириш керак?» — Бу фикр Пирлодан чиққанига ишониш қийин.

«Кўпчилик менинг жарима зарбаларимни мақтайди, лекин аввал Жуниньо Пернамбуканунинг ижроларини кўришлари керак. Мени Пирлиньо деб аташса, хурсанд бўлардим, ёшлигимдан Жуниньонинг зарбаларини машқ қилиб шу даражага етганман. Машғулотларда ҳам жуда кўп шуғулланар, ростини айтсам, бошида эплашим осон бўлмаган. Тўп доим анча юқорида ўтиб кетар, мухлисларга ҳазиллашиб, «сизларга совға жўнатгим келди» деб қўярдим». Ҳа, у ростан ҳам камтар.

Лекин бир  масалада камтарлик қилмайди, ундан кейинги Пирло ким бўлиши мумкин, деб сўрашганда:
«Билмадим, очиғи, менинг услубимда тўп сурадиган ижрочини кўрмаяпман. Лекин эртага шундай ўйинчилар чиқиб қолар, албатта, бундан жуда хурсанд бўламан», — деб жавоб берганди. 

Мана шу футболчи футболни тарк этмоқда. 

Очиғи, у биз томоша қиладиган футболдан кетганига анча бўлган. У «Ювентус»ни тарк этиб, АҚШ клуби таркибидан жой олганида, энди уни бошқа кўрмаслигимни билган эдим. Қаерда ўйнамасин, энди биз қизиқадиган, биз кўрадиган ўйинларда Пирло майдонга тушмаслигини ҳис қилиб, хафа бўлгандим. Энди эса, у умуман майдонга тушмаслигини билдим, бу бошқачароқ ҳолат. Энди Пирлонинг ўзига қизиқсак ҳам, ўйинини кўра олмаймиз.  Буниси янаям оғирроқ. 

Қаҳрамон Асланов

 

Мавзуга оид