Жаҳон | 16:40 / 16.10.2017
156436
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг янги президенти Сооронбой Жээнбеков, унинг оиласи ва қариндошлари ҳақида нималар маълум?

Фото: kabar.kg

Қирғизистоннинг янги президенти этиб Қирғизистон социал-демократик партиясидан илгари сурилган номзод ва Алмазбек Атамбоевнинг вориси Сооронбой Жээнбеков сайланиши аниққа ўхшаяпти. Kaktus.media нашри Сооронбой Шариповичнинг таржимаи ҳолини яна бир бор эсга олиб, унинг оила аъзолари кимлигию, қариндошлари нима иш қилишига аниқлик киритиб кўрди.

Сооронбой Жээнбеков таржимаи ҳоли

Фото: kaktus.media

Жээнбеков 58 ёшда, у Ўш вилоятининг Қоракулжа туманида таваллуд топган. 1976 йилда рус тили ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.

1996 йилдан унинг сиёсий карьераси бошланган. У уч марта Қирғиз Республикаси парламенти депутати бўлган ва қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. 2010 йилдан сўнг Ўш вилоятига раҳбарлик қилган.

Давлат кадрлар хизматининг биринчи ўринбосари, президент аппарати раҳбари лавозимларида ишлаган. 2016 йилнинг апрелидан ҳозирга қадар Қирғизистоннинг бош вазири эди. Шундан сўнг у президентликка номзод сифатида кўрсатилди.

Хотини ва болалари

Фото: kaktus.media

Жээнбековнинг хотинининг исми Ойгул. У нима касбни эгаллагани номаълум. У уй бекаси. Жээнбековлар оиласида икки фарзанд бор: ўғил ва қиз.

Қизи Бахтигул Қирғиз-Россия славян университетида ўқийди. Ўтган йили турмушга чиққан. Куёви депутат Алиёрбек Абжалиевнинг ўғли — Отабек.

Жээнбековнинг яккаю ёлғиз невараси бор — Алиасқар. Сооронбай Жээнбеков ўз оиласини доимо панада сақлайди.

Қариндошлари ва сингиллари

Сооронбой Жээнбеков туғилган оилада 10 фарзанд бор эди. Катта акаси Хонтўра Токтомаматов (69 ёшда эди) яқинда вафот этган. У иқтисодиёт фанлари доктори, Жалолобод университети ректори эди.

Фото: kyrtag.kg

Кичик укаси Асилбек Жээнбеков (53 ёшда) V чақирик парлементнинг спикери эди, ҳозир ҚСДП фракциясидан депутат. 2016 йилда Сорронбой Жээнбеков бош вазир бўлгач у парламент тўрағаси (раиси) лавозимидан воз кечишга мажбур бўлган эди. У парламент биносида намозхона ташкил этиб, ўз иш жойида машҳур бўлган эди. Гарчи у оилада энг кичиги бўлса-да, таъсир доираси энг каттаси ҳисобланади.

Яна бир укаси — Жусупбек — Шарипов фамилиясига эга. У 62 ёшда ва Қирғизистоннинг Кувайт, Марокаш, Иордания ва Баҳрайндаги фавқулодда ва мухтор элчиси. Кичик укаси Искандар Жээнбеков ўлган. Жирғалбек Жээнбеков эса Ўш вилоятида яшайди.

Унинг опа-сингиллари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Жээнбековнинг нималари бор?

Даромадлари декларациясига кўра Жээнбеков ўтган йили 870 минг қирғиз сўми ишлаб топган. У 160 кв.м уй ва 60 кв.м дала ҳовлига, шунингдек, 48,04 га қишлоқ хўжалигида фойдаланса бўладиган ер майдонига эга. Унинг 1700 туп олма дарахти, 2 мингта тераги, вагон-уйчаси ва МТЗ-80 трактори бор. Лекин бу ҳолатда сотилган мулк даромадларга қўшилгани ёки уни шунчаки беришгани номаълумлигича қолмоқда.

Фото: kyrtag.kg

Жээнбековнинг қариндошлари кўпроқ, 2,4 миллион сўм ишлаб топишган. Уларнинг квартираси (64 кв.м) ва 10 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари бор. Аввалги йиллардаги ҳисоботларда 66,6 га яйлов ҳам киритилган эди. Декларацияни ўрганиш шуни кўрсатдики, бу яйловлар мулк эмас, 2015 йилда яқин қариндошлар томонидан ижарага олинган экан. Энди ижарадан воз кечилган чоғи.

Жээнбеков қачон ва нимаси билан машҳур бўлган?

Жээнбековнинг энг шов-шувли сўзлари «Чиқ эшикка» бўлган. Бу гап 20 июль куни Чон-Олой ва Қадамжой туманларида зилзила оқибатларини тугатишга бағишланган йиғилишда янграган. Жээнбековнинг саволига Давлат қурилиш қўмитаси раҳбари Алмазбек Абдикаров жавоб бера олмай қолган. Жээнбеков уни эшикдан чиқариб юборган.

«Чиқ эшикка» ибораси интернет-мемга айланиб кетган.

Мавзуга оид