Жаҳон | 15:55 / 16.10.2017
17614
2 дақиқада ўқилади

Лас-вегаслик қотил меҳмонхона ва казино бизнесига «зарба берди»

Фото: Reuters

АҚШдаги казино ва меҳмонхоналарга эгалик қилувчи компаниялар акциялари нархи пасайди. Шунингдек, Лас-Вегасга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими ҳам камайгани қайд этилди. Буларнинг бари Стивен Пэддок томонидан уюштирилган хунрезлик асоратларидир. Morgan Stanley инвестицион банки таҳлилчилари ўтказган тадқиқотга кўра, камида ярим йил давомида бозор учун салбий таъсир кузатилади. Бу ҳақида 16 октябрь куни The Japan Times хабар берди. 

Morgan Stanley экспертлари тахминларига кўра, деярли 60 кишининг ҳаётига зомин бўлган Лас-Вегасдаги фожиа меҳмонхона ва казино эгалари даромадини 4-6 фоизга пасайтиради. Сайёҳлар оқимининг тикланиши учун ҳам камида 6 ой вақт керак бўлади.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили Лас-Вегасга 42,9 миллион киши ташриф буюрган. Меҳмонхоналарда умумий ҳисобда 22 минг турли форум ва анжуманлар ўтказилган. Шаҳар меҳмонхоналарининг деярли 95 фоизи олдиндан банд қилинган. Казино даромадлари 9,7 миллиард долларни ташкил қилган. Шундай экан, агар Morgan Stanley таҳлилчиларининг тахминлари тўғри бўлиб чиқса, Неваданинг фақат казино бизнесининг ўзиёқ камида 40 миллион доллар зарар кўради. 

1 октябрь куни кечқурун Лас-Вегасда яшовчи 64 ёшли Стивен Пэддок Mandalay Bay меҳмонхонасининг 32-қаватидаги хонасидан мусиқий фестивалга тўпланганларга қарата кетма-кет ўқ узган, сўнгра ўз жонига қасд қилган. Унинг хатти-ҳаракатлари натижасида 58 киши ҳалок бўлган, 500дан зиёди жабрланган. 

Мавзуга оид