Жамият | 12:00 / 18.10.2017
46632
6 дақиқада ўқилади

Сенга сабр, олисдаги юртдошим!

Фото: Примечания.Ру

Олисларда ризқ тергилаш, фарзандининг юмшоқ юзини ўпиб, кулдириб эркалашдан мосуво бўлиш ҳавасдек, сенга зимдан тош отувчилар кўпайди. Сени ишёқмасдан олиб ватангадога солдилар. Аслида ўша совуқ ўлкада энг оғир, энг қора ишларни қилиб ҳам сабрга ошно бўлган сен эдинг. Юрти каби совуқ қиёфаларга мўлтираб топган миллиардларинг банклар орқали оқиб келганида, бунинг ортидан иқтисоднинг бир ками битаётганида ҳам сени мақтаганлар деярли бўлмади, аммо танқидчи беҳад мўл бўлди. Гўё сен, ҳа, айнан сен ўз хоҳишинг билан соғинч ва хўрликни танлагандек...

Сабр сенга, мусофирим!

Маҳалла йўқки, Россиядан тобут келмаган бўлса. Бухоролик бир йигит сўзлаб берганди: «Биринчи марта борганимда, совуқ шунчалар забтига олгандики, ўз жонини қадрига етган одам ишлаши мумкин эмасди. Лекин бизникилар бола-чақа деб чиқишган, маҳаллий аҳоли чидамайдиган совуққа улар чидашга мажбурлар. Ана шундай кунларда қурилишда бир йигит нобуд бўлди. Ачинган кўп, лекин марҳумнинг уйига хабар беришни, ўликни рисоладагидек қилиб жўнатишни уддалайдиган мард йўқ. Майитни ювиб, ўраб-чирмаб жўнатувчиларни топа олмадик. Қонга беланган ҳолида жўнатиб бўлмасди. Шунда таваккал қилиб мен уни ювишни зиммамга олдим. Ётоғимга олиб бордик, бир ўзим билганимча ювдим ва усталар ясаган тобутга жойладим. Кейин негадир шундай иш фақат менинг зиммамга тушаверди. Аста-секин кўникиб кетдим.

Ғалати... Лекин бу ҳам бир касб эканда. Кимдир нобуд бўлса, узоқлардан келиб мени олиб кетишар, бир ўзим ўликни ортиб келиб, ювиб тараб, самолётга ортишни ташкиллаштирардим. Албатта, марҳумларнинг ҳамкасблари менга пул йиғиб беришар, рози-ризочилик билан олардим. Неча марта шу ишни қилган бўлсам, шунча марта йиғлаганман. Бирим икки бўлсин деб уйини тарк этган ёш-ёш йигитларнинг тобутда қайтиши қандай даҳшат?!»

Фото: ribalch.ru

Асакалик бир опамиз ҳикоясидан: «Россияда яхши ишим, яшаш жойим бор. Лекин йилда бир марта, эрта баҳорда юртимга албатта қайтаман. Сабаби қизиқ туйилар – мен бодомнинг гулини кўриш учун келаман. Албатта, юрт соғинчи, қариндошлар дийдори ҳам бор. Лекин айнан бодомнинг пуштиранг гулларида ватанимни кўраман, ҳаётим давом этаётганини ҳис қиламан, шу азиз тупроқнинг бир бўлаги эканлигимни яна бир бор англайман. Агар имконим бўлганда мусофирчиликда бир кун ҳам турмасдим...».

Мусофир юртдошим, сабр сенга

Охирги йилларда ўша давлатларда портлаш бўлса, террорчи тамғаси шартта босиладиган нишонга айланиб қолганинг ҳам рост. Чунки энг ожизи, энг ҳақсизи сен эдинг, энди буни яширишдан не наф? Балки ичингда шундай йўлга кирганлар ҳам бордур. Лекин рўзғорини бутлаш учун йўлга чиққан, фарзандининг келажаги деб шу йўлни танлаган асл ўзбекнинг бу қадар ваҳшийлик қилишига ақл бовар қилмайди.

Аммо ана шу тамға остида беҳад хўрликларни ичингга ютдинг. Хизматданман деганки бори, сени шилиш, тутқунликка олиб эрмак қилиш пайида бўлди. Сен эса юртингга келганингда бу уқубатлардан сўз очмадинг. Чунки қайтишинг бор, оилангни хавотирга қўйишни истамадинг.

Матонатингга балли, мусофир укам

Фото: Кавполит

Сенинг отанг, сенинг бобонг бир оғиз сўз билан майдонга чиққан, ватан дея қон тўккан, буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшганди. Онанг, момоларинг уруш ҳудудидан келтирилган миллионлаб гўдакларга ўзларининг ғарибгина дастурхонидан ризқ беришган, ҳаётларини сақлаб қолишганди. Не ажабки, тинчлик ва бойликка етишган буюк оғалар энди буни унутишди. Сен эрмак бўлдинг! Терингни ранги, тилни равон билмаслигинг, қилаётган меҳнатинг паст назар билан қарашга сабаб бўлди. Аммо оғалар билмайдиларки, бизда туғилиб ўсиб, ёшини яшаб бўлаётган аксарият миллатдошлари ўзбекчани гапириш тугул умуман тушунмай ўтиб кетишмоқда. Фақат у ўлкадан фарқли ўлароқ бизда миллатчилик йўқ, тилимизда сўзламасликни айб ҳисобламаймиз. Лекин сен дам миллатчилар, дам ирқчилар, дам шунчаки безорилар учун ҳимоясиз нишонга айланиб қолдинг. Сени дўппослаб хумордан чиқиш, яна камига тасвирга олиб тарқатишни урф қилдилар. Наҳот юртингни ташлаб кетаётганингда шуларни орзулаган бўлсанг, ахир сен ҳам бу ҳаётга бир марта келасанку?!

Сенга сабр, мусофир оғам

Фото: ribalch.ru

Ҳамма жонининг ҳузурини ўйлаб самолётларда учаётганида, сен бир-икки сўмни тежаш учун шалоққина автобусда ҳафталаб юришга, ҳар бир назорат масканидан юрак ҳовучлаб ўтишга ҳам рози бўлдинг. Майлия, аммо бир аҳмоқ ҳайдовчининг касрига юртдошларимга тўла автобус поезд тагида қолиб мажақланиб кетса, ўнлаб бўз йигитлар тирикликларида ўзларига насиб қилмаган самолётда махсус рейс билан ватанга олиб келинса қандоқ чидай? Соч турмагини баҳона қилиб ёлғиз ўғил, ёлғиз фарзанднинг қоқ юрагига тиғ урилганида додимни кимга айтай?!

Сабр, фақат сабр дейман сенга

Фото: Elyor Nematov

Қўлимдан келгани шу. Аммо сенинг тутган йўлингни қоралаб ваъз ўқигувчиларга, аламларинг газаги устига тузлар сепгувчиларга, наср қолиб, ҳатто шеърлар битгувчиларга озгина жавобим бу. Ҳаммалари билиб қўйсинлар, бу хўрликларни сен ўз хоҳишинг билан излаб топаётганинг, ҳавас қилаётганинг йўқ!

Албатта, кунлар келади, биз ишлагани бормаймиз, бизга ишлагани келишади. Ватан тараққий топади, ҳамма бизга ҳавас қилади. Оз қолди бунга. Ўша кунларда ҳам сен бўйнингни қисиб турма, чунки ҳар бир фаровон кунда, ҳар тўкис дастурхонда сенинг ҳам ҳиссанг бор.

Унгача сенга сабр, мусофирим!
Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид