Спорт | 12:40 / 26.10.2017
25911
14 дақиқада ўқилади

Golden Boy совринининг Мбаппегача бўлган соҳиблари ва уларнинг тақдири

Италиянинг Tuttosport нашри «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппени Европанинг 2017 йилдаги энг яхши ёш футболчиси деб эълон қилди. Росссиянинг «Чемпионат» нашри бу совриннинг аввалги соҳиблари ва уларнинг тақдири ҳақида мақола тайёрлади.

2016 йил - Ренату Саншеш

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

18 ёшида «Бенфика»нинг асосий таркибига кириб, майдон марказида жонбозлик кўрсатиб, порлади. Ажойиб жисмоний ҳолатига кўра, ҳатто Ҳалк каби юлдузларни майдонда осонликча тўпсиз қолдирарди.

Қўлга киритган ютуқлари

Португалия терма жамоасидан чақириқ узоқ куттирмади. Евро-2016 мусобақасида асосий таркибда тез-тез майдонга туширилди. Жуда ҳам порламаган бўлса-да, шарманда ҳам бўлмади. Қитъа чемпиони бўлди. Чемпионатдан сўнг «Бавария»га ўтди.

Ҳозирги аҳволи

Карло Анчелотти «Бавария»га келгач, Саншешни асосий таркибдан чиқарди. Йигитча тажриба орттириш учун АПЛга, «Суонси»га кетди. Ренату у ерда доимий ўйин амалиётига эга бўлаяпти, бироқ жамоаси муваффақиятсиз ўйнамоқда. 9 турдан сўнг «Оққушлар» 15-ўринни эгаллаб турибди.

 

2015 йил - Антони Марсиал

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

«Монако» таркибида бир мавсумда урилган 12та голи ва ёш бўлишига қарамай, ажойиб ўйини билан катта клублар эътиборига тушди. Аммо ҳеч ким бу йигитча учун 60 млн евро берилишини кутмаган эди. Марсиал «МЮ» таркибидаги дастлабки ўйинида чиройли гол ургач, ҳамма «Олд Траффорд»да Тьерри Анрининг меросхўри пайдо бўлгани ҳақида гапира бошлади.

Қўлга киритган ютуқлари

Англияда ўтказган икки мавсуми давомида Марсиал «МЮ» етакчисига айланмади. Бундан ташқари, «янги Анри» лақабини Мбаппега бой берди.

Антони асосий таркибда камдан-кам кўриниш бермоқда, баъзан тўпни назорат қилиш техникаси билан ўзига ром қилиб қўймоқда. Аммо унга барқарорлик етишмаяпти.

Ҳозирги аҳволи

Асосий таркиб учун курашяпти, Жозе Моуриньо эътиборини қозониш учун ҳаракат қилмоқда. АПЛ 8 ўйинида «гол+пас» тизимида 5 очко ёмон эмас. Бироқ, ундан ортиғи ҳам эмас.

 

2014 йил - Раҳим Стерлинг

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

«Ливерпуль» клубининг сўнгги 10 йилдаги энг ёрқин мавсумида Луис Суарес, Коутиньо ва Старриж билан ажойиб боғламни ташкил қила олди. 19 ёшли Раҳим жамоанинг энг муҳим футболчиси эди. «Манчестер Сити»га қарши ўйиндаги қаҳрамонлигидан сўнг, соврин ундан қочиб кетолмасди.

Қўлга киритган ютуқлари

Мавсум охирида «Ливерпуль» билан янги шартнома бўйича келишолмади ва «Манчестер Сити»га ўтиб, у билан Лига кубогида ғалаба қозонди. Бироқ, ҳужум етакчиси бўлолмади.

Ҳозирги аҳволи

Гвардиола келгач, Стерлинг янги илҳом тўлқинига эга бўлди ва Давид Сильва, Де Брёйне, Агуэро, Жезус ва бошқалар билан ҳамнафас бўлиб ўйнамоқда.

 

2013 йил - Поль Погба

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

2012 йилда Погба «Манчестер Юнайтед»дан «Ювентус»га арзимаган пул эвазига ўтган эди.

Янги жамоага келган заҳотиёқ, Андреа Пирло ва Артуро Видал билан майдон маркази эгасига айланди. Бир мавсум давомида футболчининг нархи 3,5 млндан 25 млн еврога кўтарилди. Жуда катта ўсиш Полни реклама постерлари қаҳрамонига айлантирди.

Қўлга киритган ютуқлари

«Юве» билан 4 йилда 9та совринни қўлга киритди. «МЮ» клубига дунёнинг энг қиммат футболчиси мақомида қайтди. Франция билан Евро-2016 финалчиси бўлди. Дунёнинг энг кучли яримҳимоячиларидан бири бўлиб етишди.

Ҳозирги аҳволи

Айни пайтда Поль жароҳатини даволаш билан машғул, аммо жисмоний ҳолатини тиклаб олгач, «МЮ»нинг асосий таркибига қайтишига шубҳа йўқ.

У АПЛнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогар эмас, умуман олганда «қизил иблислар» таркибида унга барқарорлик етишмаяпти. Бироқ, Поль 24 ёшга кирди, унинг учун ҳали ҳаммаси олдинда.

 

2012 йил - Иско

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Иско ҳақида «Зенит»га қарши ўйиндан сўнг маълум бўлди. «Малага» яримҳимоячисининг бу совринни қўлга киритишда умуман рақобатчиси йўқ эди. У майдонда ҳамма нарсага қодир эди, техникаси эса кишини ҳайратга соларди.

Қўлга киритган ютуқлари

Мавсум охирида у «Реал»га ўтди. Бэйл ва Хамес билан асосий таркиб учун узоқ вақт кураш олиб борди. Якунда асосий таркибда ўз ўрнини топди ва Чемпионлар лигасининг уч карра соҳибига айланди.

Ҳозирги аҳволи

Ҳозир Иско «Реал»нинг ёрқин футболчиларидан биридир. У аста-секин етакчига айланиб бормоқда. У майдонга тушиб, афсунгарлик қилмоқда.

 

2011 йил - Марио Гётце

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Йоахим Лёв Гётценинг терма жамоага илк марта чақирилишини шундай изоҳлаган: «Бундестим таркибида ўйнаш учун 15 ўйин ҳам етарли, аммо фақат Гётце каби ўйин намойиш қилинса».

Марио футболга катта тезлик билан кириб келди ва Клопп жамоаси таркибида асосий ўйинчига айланиб, «Боруссия» сафида чемпион бўлди.

Қўлга киритган ютуқлари

Жаҳон чемпионати финалида, захирадан майдонга туширилишидан олдин, Лёв Гётцега қарата: «Мессидан ҳам яхшироқ эканингни намойиш қил» - деди. У ғалаба келтирувчи голни уриб, ўзини кўрсатди. Бу Марионинг фаолиятидаги энг ёрқин лаҳза бўлди. Сўнгра, «Бавария»да ҳақиқий юлдузга айланолмади ва Дортмундга қайтди.

Ҳозирги аҳволи

Гётце овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар туфайли, фаолиятини якунлаши мумкин эди. Ҳозир у катта танаффусдан сўнг, жисмоний ҳолатини тиклаб олишга уринмоқда. Бироқ, энди «Боруссия»да бошқа қаҳрамонлар бор. 25 ёшли Марионинг энг яхши дамлари ортда қолган кўринади.

 

2010 йил - Марио Балотелли

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Гётценинг Европадаги юксалишидан бир йил олдин, бошқа Марио порлаганди. Ёш ва қизиққион Балотелли Моуриньо билан жанжаллашди, пенальтини тепиш учун Это’Одан тўпни тортиб олди, машиналарни пачоқлай бошлади. Аммо кўплаб голлар урарди.

Қўлга киритган ютуқлари

«Бало» ҳаммани Мессидан кейинги иккинчи энг зўр футболчи эканига ишонтирмоқчи бўларди. 2010 йилда «Манчестер Сити» унинг трансфери учун катта пул тўлаган сўнгги клуб бўлди. Шундан сўнг, у бошқаларга фақат эркин агент сифатида керак эди.

Ҳозирги аҳволи

Балотелли Ниццанинг илиқ қирғоқларида ўзлигини топди. У ерда асосий юлдузга айланиб, тез-тез гол ура бошлади. Марио ҳозир ҳам зўр. Аммо, фақат Лига 1 ўртамиёнаси миқёсида.

 

2009 йил - Алешандре Пато

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Болакай чеҳрасига эга футболчи худди тажрибали профессионал сингари А Сериянинг энг яхши ҳимоячиларини доғда қолдирарди. Унинг ажойиб ўйини ақлларни ром қилди. «Милан» яна 10 йиллар давомида ялтирайдиган бразилиялик жавоҳирни қўлга киритганига ишончи комил эди.

Қўлга киритган ютуқлари

«Россонери» янглишгани кейин маълум бўлди. Жароҳатлар кетма-кетлиги ва тунги клублардаги ҳаёт Патонинг фаолиятини синдирди. «Коринтианс»даги ижара, мураббийлар билан узоқ суҳбатлар унга ёрдам бермади. Юқори савияда тўп суриш учун сўнгги имкониятлардан маҳрум бўлгач, 27 ёшли Алешандре Хитойга йўл олди.

Ҳозирги аҳволи

Пато энди «Тянцзин Цюанцзян» клубида ўзини намоён қилмоқда. Аксел Витсел ёрдамида 24 ўйинда 15та гол урди. Бироқ, унинг жамоаси Осиё Чемпионлар лигасидан четда қолди. У айни кучга тўлган пайтида Европада ҳеч кимга керак бўлмай қолди.

 

2008 йил - Андерсон

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Ўз иқтидорини шамолга совурган бразилияликлардан яна бири. Андерсон 17 ёшида Бразилия футболида порлади. «Порту» сафида зўр мавсумни ўтказиб, «МЮ» таркибида тўп суриш ҳуқуқини ҳақли равишда қўлга киритди. Чемпионлар лигасидаги ғалаба Андерсонни Европанинг энг яхши ёш футболчисига айлантирди.

Қўлга киритган ютуқлари

Андерсон борган сари футболга бўлган қизиқишини йўқотди ва ўртамиёна ўйинчига айланиб қолди. «Юнайтед» уни 7 йил давомида асради, сўнгра жавобини бериб юборди.

Ҳозирги аҳволи

29 ёшли Андерсон Бразилия чемпионати аутсайдери «Коритиба» захирасида ўтирибди. Унинг терма жамоадаги ўрнини тенгдоши Паулиньо эгаллаган. 2008 йилда у Польшанинг «Лодзь» клуби захирасида ўтирган эди.

 

2007 йил - Серхио Агуэро

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Агуэро 15 ёшида «Индепендьенте» асосий таркибида ўйнаб кетди. 17 ёшида «Атлетико»га ўтди. 19 ёшида Европанинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди. Мавсум давомида урилган 27та гол Лео Месси кўрсаткичидан ҳам ўзиб кетиш имкониятини берди.

Қўлга киритган ютуқлари

Серхио жароҳатлар гирдобига тушиб қолмаса, нечта гол уриши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. У «Манчестер Сити»нинг тирик афсонасига айланди ва ўз номини АПЛ тарихига ёздирди. «КПР» дарвозасига қўшиб берилган дақиқаларда урилган ва «шаҳарликлар»ни чемпион қилган голни ҳали кўп вақт эслаб юришса керак.

Ҳозирги аҳволи

Агуэро ассоий таркиб учун ёш иқтидор Габриэл Жезус билан кураш олиб бормоқда. Баъзан, иккаласи ҳам жуфтлик ҳосил қилишмоқда. Агуэро ҳозир ҳам кўплаб голларни уряпти ва дунёнинг энг кучли ҳужумчиларидан биридир.

 

2006 йил - Сеск Фабрегас

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Патрик Виейра «Арсенал»ни тарк этгач, Арсен Венгер ёш, аммо ақлли ва юқори техникали испанияликка ишонч билдирди. Бу иши тўғри эди. Фабрегас дастлабки мавсумидаёқ мухлислар меҳрини қозониб, ҳақли равишда Европанинг энг яхши ёш футболчисига айланди. «Барселона» ўша пайтдаёқ уни кўз остига олиб қўйди.

Қўлга киритган ютуқлари

«Арсенал» клуби тарихидаги энг яхши футболчилардан бири бўлди. «Барселона»га қайтди, бироқ ватанида ўйнаб кетолмади. Орада Европа ва жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди. Совринлар нуқтаи назаридан олиб қаралса, ажойиб карьерага эришди. Аммо Сеск ўзини ёрқинроқ намойиш этолмади.

Ҳозирги аҳволи

Фабрегаснинг ишлари жойида, «Челси»нинг асосий таркибида тўп сурмоқда, баъзан даҳолик қилади, бироқ ундан ортиғи эмас.

 

2005 йил - Лионель Месси

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Мессига ўша пайтда ўз даврининг энг зўр иқтидори деб қаралмаган эди. Чунки «Барселона» асосий таркибига энди киритилганди. Golden Boy совринига асосий номзод сифатида Уэйн Руни ва Лукас Подольски кўрилганди. Бироқ, совринни аргентиналикка топшириш ҳақидаги қарор жуда тўғри бўлди.

Қўлга киритган ютуқлари

Жаҳон чемпионатидаги ғалабадан бошқа, деярли барча совринларни қўлга киритди.

Ҳозирги аҳволи

Даҳо ўз ўйини билан барчани хушнуд этмоқда. Вальверденинг келиши ва Неймарнинг кетиши билан Месси яна «Барселона»нинг асосий етакчисига айланди.

 

2004 йил - Уэйн Руни

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

Руни ўз даврида «Тилла бола» лақабига муносиб ўйин намойиш этган камдан-кам иқтидорлардан биридир. «Эвертон» таркибида «Арсенал»га гол ургач, шарҳловчи унинг исмини эслаб қолинглар деди. У ҳақ бўлиб чиқди. 2 йилдан сўнг Руни 40 млн еврога «МЮ» клубига ўтди ва терма жамоасининг асосий умиди сифатида Евро-2004 га йўл олди.

Қўлга киритган ютуқлари

Руни «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг яхши ҳужумчига айланди ва Англия футболи шуҳрат музейига киритилди. Беш марта АПЛ ғолиби бўлди ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди. Шу йил «Эвертон»га қайтди.

Ҳозирги аҳволи

Сўнгги йиллардан фарқ қилган ҳолда, Руни яна ҳужум чизиғида тўп сурмоқда ва гол урмоқда. Бироқ бу «Эвертон»га ёрдам бермаяпти, жамоа АПЛни тарк этиш ҳудудида ўралашиб юрибди.

 

2003 йил - Рафаэл ван дер Варт

Совринни қўлга киритиш сабаби

Фото: Reuters

20 ёшли Рафа ван дер Варт «Аякс»нинг етакчиси ва Нидерландия футболи янги авлодининг ёрқин намоёндаларидан бири эди. У Роббен, Снейдер ва ван Персидан асло қолишмасди. Мавсум давомида 30 ўйинда 22та гол урди. Ҳужумкор яримҳимоячига эътибор қратишлари учун яна нима керак?

Қўлга киритган ютуқлари

Бироқ, ван дер Варт карьераси тўғри чизиқ бўйлаб йўналмади. «Ҳамбург» клубида ажойиб мавсумларни ўтказгач, «Реал»га йўл олди. Аммо «галактикос» миқёсидаги юлдузга айлана олмади.

Ҳозирги аҳволи

Катта клубларда ўзини тополмагач, Даниянинг камтарона «Мидтьюланн» клуби билан шартнома имзоалди. Ҳозир ҳам ушбу клуб либосида майдон чангитиб юрибди.

Мавзуга оид