Ўзбекистон | 15:30 / 02.11.2017
10684
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Қирғизистон ҳукумат раиси билан учрашди

Фото: Қирғизистон бош вазири матбуот хизмати

2-3 ноябрь кунлар Тошкент шаҳрида ўтказилиши режаштирилган МДҲ аъзо давлатлар ҳукумат раислари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун етиб келган Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исақов ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан учрашди. Қирғизистонлик вазир Абдулла Ариповга меҳмондўстлик ва юқори даражада ташкил этилаётган қабул учун ташаккурлигини билдирган.

«Биз ҳамкорликнинг қоғозда эмас, амалда ривожланаётганини кузатмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси президентининг Қирғизистонга тарихий ташрифи 25 йил давомида ечилмай қолган саволларни муҳокама этишга имкон берди. Шунингдек, ҳукуматлараро иккитомонлама алоқаларни ривожлантириш шароити пайдо бўлди», деган Исақов.

Ўз ўрнида Абдулла Арипов жорий йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 193 миллион АҚШ долларини ташкил этгани, келгусида ушбу кўрсаткични йилига 500 миллион АҚШ долларига етказиш режада борлигини билдирди.

Бундан ташқари, ҳукумат раҳбарлари «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўл транспорт йўлаги устида олиб борилаётган ишларни муҳокама этди. Шунингдек, икки давлат ўртасида тузилган делимитация ва демаркация масалалари бўйича ишчи гуруҳнинг фаолиятига баҳо берилди.

Учрашув сўнгида, икки мамлакат Бош вазирлари ўзаро ҳамкорлик шартларини келишиб олиб, ҳар икки юртда Маданият кунларини ташкил этишни билдирди. Йиғилишда Абдулла Арипов ҳукумат раислари бошчилигида Ўзбекистонга чегарадош вилоят раҳбарларининг биринчи йиғилишини ўтказишни таклиф қилди.

Мавзуга оид