Жамият | 22:35 / 08.11.2017
10475
5 дақиқада ўқилади

Йўлсозлар журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди

2017 йилнинг 8 ноябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Автомобиль йўллари: инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати

Мустақиллик йилларида республикамиздаги автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар натижасида умумий фойдаланишдаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларининг мавжуд кенг тармоғи иқтисодиёт ва аҳоли талабларига асосан жавоб бериб, республика ичидаги ва халқаро автомобиллардаги ташиш хизматларида хавфсиз транспорт алоқасини таъминлашга, йўлларнинг жаҳон транспорт тизимига янада кўпроқ интеграциялашувига хизмат қилмоқда.

2017 йилда амалга оширилган ислоҳотлар соҳа ривожида муҳим омил бўлди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида — йўл инфратузилмаси қурилиши ва реконструкция қилинишини давом эттириш, энг аввало, минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, аҳоли пункти кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш вазифалари белгилаб берилган.

Автомобиль йўллари қурилиши ҳамда таъмири сифатига ёндашув тубдан ўзгарди. Шу мақсадда — замонавий транспорт қатновини инобатга олган тарзда, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ўзида акс эттирган, автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш, бу ишларни молиялаштириш масалаларини ўзида қамраб олган комплекс тизим ишлаб чиқилди.

Мамлакатимизнинг жўғрофий жойлашуви — йўловчи ва юкларнинг транзит ташишини амалга оширишда барча йўналишлар бўйича, жумладан, денгиз портлари томон энг қисқа ҳаракатлануви учун ҳам қулай имконият беради. 2017 йилда транзит транспортлари учун муҳим қон томир вазифасини ўтовчи — замонавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, уларни комплекс равишда қайта қуриш ва таъмирлаш йўлида аниқ тизимли вазифалар амалга оширилди.

Жумладан, йил охирича Ўзбек миллий автомагистрали таркибидаги 260 км автомобиль йўллари замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган тарзда реконструкция қилинади. Шу даврга қадар эса умумий фойдаланувда бўлган 155,2 км автомобиль йўллари капитал таъмирланди, худди шу таснифдаги 2.350 км автомобиль йўлларининг устки қатламларида жорий таъмир ўтказиш йўли билан уларнинг равонлиги ва ўтувчанлиги таъминланди.

Жорий йилда А380 «Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнов» автомобиль йўлининг 165 км қисми,  М39 «Алмати–Бишкек–Тошкент–Термиз» автомобиль йўлининг 30 км, М37 «Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши» автомобиль йўлининг 15 км қисмлари қайтадан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари А380 «Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнов» йўлида жойлашган Аму–Бухоро канали устидаги ҳамда М39 «Алмати–Бишкек–Тошкент–Термиз» автомобиль йўлидаги Зарафшон дарёси устидан ўтган янги кўприклар ишга туширилди.

Алоҳида қайд этиш керакки, минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. 2017 йилнинг 1 ноябрь ҳолатида 3.000 километрга яқин минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди, бу эса ўтган — 2016 йилнинг шу давридагига нисбатан 1.447,0 км зиёдни ташкил этади.

Йўл хўжаликларинининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда 215 турдаги замонавий йўл-қурилиш техникалари ҳамда 7 та асфальт-бетон заводлари харид қилинди.

Шунингдек, автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ва меъморий-бадиий қурилмалари тизимларини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадларда 2018–2020 йиллар давомида автомобиль йўллари бўйларида 1,6 млн. дона, шаҳар кўчаларида эса 782 минг туп (бунинг 103 минг тупи пойтахтда) дарахт ва буталар экиш кўзда тутилмоқда.

Юқоридагилар билан бир қаторда йўлларда янги ва замонавий йўл белгилари, ахборот берувчи кўрсаткичлар ҳамда юқори кучланишдаги (ёруғлик қайтарувчи) қопламалар билан қопланган техник воситалар ўрнатиш борасидаги тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда. Бу эса келгусида автомобиль йўлларидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

Йўл соҳасидаги яна бир муҳим қадам – йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш бўйича Давлат инспекциясининг ташкил қилинганлиги қурилиш ва таъмир муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга ҳисса қўшади.

Мавзуга оид