Жаҳон | 22:00 / 18.11.2017
42668
17 дақиқада ўқилади

Зимбабвени хароб қилган ким? «Одамхўр» лақабли диктатор тарихи

15 ноябрь куни Зимбабведа ҳарбийлар пойтахтга танклар билан кирди ва мамлакатни 37 йилдан буён бошқариб келган 93 ёшли президент Роберт Мугабени ҳокимиятдан четлатиб, уй қамоғига ташлади. 

Бу давлат тўнтаришига сабаб бўлган можаро шу ой бошида бошланганди. Ўшанда президент 52 ёшли рафиқаси Грейси Мугабенинг қутқусига учиб, вице-президент Эммерсон Мнангагвани жоду йўли билан ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айблаб истеъфога чиқарганди.

Қора чизиқдан ўтилди. Зимбабведа нималар рўй бермоқда?

Мугабе 1980 йилдан бери Зимбабвени бошқариб келди, у дунёдаги энг кекса давлат раҳбари, жаҳондаги энг таниқли диктаторлардан бири эди. Тўнтаришдан сўнг Мугабе лавозимдан кетишдан бош тортиб, мамлакатни кейинги — 2018 йили бўладиган президент сайловига қадар бошқариш истагини билдиргани айтилмоқда. Аммо уни энди қўлловчи кучнинг ўзи йўқ. Қуйида оддий ўқитувчиликдан диктаторга айланган Мугабе тарихи ҳикоя қилинади.

Ўқитувчи Роберт Мугабе қандай қилиб сиёсатчига айланган?

Мугабе Женевадаги конференцияда, 1976 йил
Фото: AP

Роберт Мугабе 1924 йилнинг 21 февралида ўша пайтлардаги Британия мустамлакаси — Жанубий Родезиядаги дурадгор ва ўқитувчи хонадонида таваллуд топган. Бошланғич таълимни у католик мактабида, олий таълимни эса ЖАРдаги қора танлилар университетида олади. Мактабдошлари уни шундай таъриф билан эслашади: «Биз уни ботаник деб чақирардик».

Бакалавр унвонини олгач, Мугабе бир муддат Ганага ишлашга кетади, қайтганида қараса — юртида ирқий тенглик учун озодлик ҳаракати бошланган.

Ўша вақтларда Зимбабве Буюк Британиянинг ўз-ўзини бошқарувчи мустамлакаси эди ва сегрегация (қора танлиларни ажратиб қўйиш) сиёсатини юргизувчи оқ танли озчилик ҳукумати томонидан бошқариларди.

Мугабе дарҳол ўқитувчилик касбини чеккага суриб, сиёсий курашга боши билан шўнғиб кетди ва Жошуа Нкомо бошчилик қилаётган Зимбабве Африка халқи иттифоқи (ZAPU) партиясига аъзо бўлади. 1963 йилда Нкомо билан уришиб қолган Мугабе ўз партияси — Миллий иттифоққа (ZANU) асос солди.

Фото: Brian Harres/REX/Shutterstock/Fotodom

Шундан сўнг Мугабе кўп ўтмай ҳибсга олинади ва 11 йил ўтириб чиқади. Бу унинг ҳаётидаги ўта оғир йиллар бўлган, уни қийноқ ва мазахларга дучор қилишган. Масалан, энцефалитдан нобуд бўлган 3 ёшли ўғлининг дафн маросимига қўйиб юборишмаган.

Бироқ чекловлар Мугабени синдира олмайди. Ғалабага бўлган иродасини сақлаб қолишда унга характерининг табиий қатъийлиги ва билимларга чанқоқлиги ёрдам берган. Роберт камерадошлари учун ҳақиқий мактабни ташкил этган: уларга хат-савод, математика ва инглиз тилидан сабоқ берган. Унинг ўзи ҳам ўқиб-ўрганишда давом этган: Лондон университетига сиртдан ўқишга кирган. Ўзининг қамоқ муддати якунланган сана — 1974 йилга келиб, у 4 дипломга эга эди: иккита юридик, иқтисодиёт магистри ва бошқарув бакалаври. Яъни, Мугабе ҳозир Африкадаги раҳбарлар ичида энг ўқимишлиси ҳисобланади.

Озодликка чиққач, Мугабе Мозамбикка кетиб, у ер ҳам озодлик учун ҳаракатларга қўшилади. Собиқ иттифоққа таассуб қилиб, пролетариатни синфий курашга чорлашга бел боғлаган Жошуа Нкомонинг ZAPU’сидан фарқли ўлароқ, Мугабе ўртоқ Маонинг меҳнатларига қараб деҳқонлар инқилобини мўлжаллаётган эди.

Мугабе саркарда эмасди: барча амалиётларни унинг дала қўмондонлари бошқарарди, унинг ўзи эса стратегия ишлаб чиқиб, Жанубий Родезияга чегарадан отряд кетидан отряд жўнатиб, режалар амалга оширилишини таъминлар эди. ZANU’нинг ҳарбий қаноти ZANLA ҳаммани суриштириб ўтирмасдан ўлдирарди — хоҳ у аскар бўлсин, хоҳ тинч аҳоли вакили бўлсин. Жангарилар, айниқса, оқ танли фермерларни ўлдириш ё қувғин қилишга алоҳида эътибор қаратиларди, чунки иш берувчисиз қолган қора танлилар оммавий равишда ZANLA ташкилотига аъзо бўларди. Ғалаба қозонилган тақдирда Мугабе ўзининг жангариларига оқлардан тортиб олинган ерларни ваъда қила бошлайди. Унинг режаларига қаршиларни бўғизланган ҳолда топишарди. Қўзғолончиларнинг илмли ва кўркам етакчиси хорижда — Хитой, Британия ва Собиқ иттифоқда ҳам машҳур бўлиб кетади.

Ниҳоят, 1980 йилда Жанубий Родезия дош бера олмайди. Бутун дунё тарафидан ўн йиллаб санкцияларга дучор қилинган ва қонли партизанлар урушидан ҳолдан тойган мамлакат ниҳоят қора танлилар бошқарувига ўтишига рози бўлади. Бош вазир Ян Смит ҳокимиятни мўътадил номзод, епископ Музоревега бермоқчи бўлганди, бироқ Нкомо ва Мугабе уни тан олишмайди. Умуммиллий сайловлар ўтказилади ва унда Мугабе кутилмаганда таъсир доираси каттароқ бўлган Жошуа Нкомо устидан ғалаба қозонади. Мугабенинг ғалаба қозонишига сабаб — у мамлакат аҳолисининг каттароқ қисмини ташкил этувчи шон қабиласидан, Нкомо эса этник озчилик — матабеле вакили эди.

Мугабе (чапда) ва Нкомо
Фото: Keystone Pictures USA / ZUMA Press / Globallookpress.com

Зимбабве мустақилликка эришганидан сўнг, Мугабе бошчилигидаги ZANU парламент сайловларида ғолиб чиққан, Мугабе эса бош вазир лавозимини эгаллаган.

Фото: Herbie Knott/REX/Shutterstock/Fotodom

Орадан 7 йил ўтиб, 1987 йилда у мамлакат конституциясини ўзгартиради. У бош вазир лавозимини бекор қилиб, ўзи президент бўлиб олди. Шундан бери у 5 марта президентлик сайловларида ғолиб чиқди (1990, 1996, 2002, 2008 ва 2013 йилларда).

У ўз қўлида жамики ҳокимиятнинг жиловини маҳкам ушлаб турарди: ҳукумат, қуролли кучлар, парламентни тарқатиб юбориш ва истаганича сайловларда қатнашиш...

Фото: Getty Images

У ўз рақибларига шафқат қилмайди, улар исёнчилар деб эълон қилинади. Сиёсий кураш қабилалардан бирини геноцид қилишга айланиб кетади. Бу кураш туфайли тинч аҳоли вакили бўлган йигирма мингга яқн киши қирилиб кетади.

Мугабе яхши президент бўлганми?

Фото: Reuters

1980 йилда, Мугабе ҳокимият тепасига келган вақтда Зимбабве иқтисодиёти жиҳатидан Африкадаги энг қудратли давлатлар қаторида эди. Ҳозирга келиб эса бу давлат жаҳоннинг энг қашшоқ 30 мамлакатидан бирига айланиб қолди. Бироқ мустақилликнинг илк йилларида зимбабвеликлар Мугабедан норози эмасди. 

Мугабе легитим парламент сайловлари натижасида бош вазир бўлган. У инқилоб рамзларидан бири эди ва жаҳонда инқилобчи сифатида нуфуз қозонганди. Бундан ташқари, барқарор иқтисодиётга эга мамлакат раҳбарига айлангач, у ижтимоий соҳага катта эътибор қаратган: унинг бошқарувининг дастлабки 10 йилида таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилган харажатлар уч баробар ошган.

Мугабе сўлчи эди: у энг кам иш ҳақи миқдорини ўрнатган, янги иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантирган ва кредитлар бўйича ставкаларни чеклаган.

Аммо янги аср бошида Зимбабведа инқирозга юз тутади. 

Мугабе якка ўзи ҳукмрон бўлиб қолгач, барча нуфузли амалларни ўзига содиқ кишиларга бўлиб бера бошлади; оқлардан тортиб олинган фермалар рамзий суммага собиқ қашшоқ-партизанларга эмас, юқори мартабали амалдорларга пулланар эди. Мамлакатда коррупция қулоч ёйди. Роберт Мугабе шундай тизим қурдики, бунда у ва унинг қариндошлари ҳамда ишончли яқинлари туганмас бойликка эга бўлишди, мамлактанинг 85 фоиз аҳолиси эса йилига 300 доллар даромадга кун кўришга мажбур эдилар.

Норозилик танқидий нуқтага етгач, Мугабе аҳолининг нафратини қолган-қутган оқ танлиларга йўналтиришга қарор қилади: улар «давлат душмани» деб эълон қилинади.

Айнан мана шу «тезкор ер ислоҳоти» Зимбабведаги инқирознинг асосий сабаби ҳисобланади.

Зимбабве ўз мустақиллигини эълон қилган 1980 йилда мамлакатдаги экин майдонларининг 80 фоизи умумий аҳолининг 5 фоизини ташкил қилган оқ танли аҳоли қўлида эди. Ерларни қайта тақсимлаш инқилобнинг асосий шиорларидан бири бўлган, бироқ Буюк Британия имзоланган келишув бундай ислоҳот ўтказилишини 10 йилга кечиктирган эди. Давлатга мажбурий тартибда сотилиши шарт бўлган фермаларнинг дастлабки рўйхати 1990 йилларнинг бошига келибгина тузилган.

2000 йили қора танли аҳоли оқларга тегишли бир неча фермаларни эгаллаб олади; суд бу ҳаракатларни ноқонуний деб топади. Бунга жавобан эса Мугабе оқ танлиларни «давлат душмани» деб атаб, «тезкор аграр ислоҳот» ўтказилишини эълон қилади. Кейинги 3 йил ичида 4300та ферма 127 мингдан зиёд қора танли деҳқонлар қўлига ўтган. Оқ танлилар мамлакатдан оммавий равишда қочишни бошлайди, ерларнинг янги хўжайинларида — собиқ партизанларда эса фермерлик қилиш бўйича зарур билим ва кўникма йўқ эди. Оқибатда ҳосилдорлик пасайган, Зимбабве чет элдан озиқ-овқат сотиб олишга мажбур бўлган.

Шунга қарамай, Мугабе ер ислоҳотидан воз кечмади. 2017 йилга келиб оқ танли аҳоли ихтиёрида бор-йўғи 73 та ферма қолган.

У оқ танлиларни егани ҳақида афсоналар пайдо бўлган ва у «одамхўр президент» лақабини орттирган. 

АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари Мугабе у қадар ривожланиш тарафдори эмаслигини англаб, яна мамлакатга қарши санкциялар қўллашди. Шундан сўнг Зимбабве иқтисодиёти қулайди. Гиперинфляция бошланади, нархлар бир неча соат ичида икки баробар ўсиб кетади, дўконлардан бўшаб қолади, поликлиника ва шифохоналар ишламай қолади — дори-дармон йўқ эди. Инфляция 230 миллион фоизга етганидан сўнг мамлакат Марказий банки маҳаллий валюта - Зимбабве долларини шунчаки бекор қилиб қўя қолади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 70 фоизга пасаяди, ерларнинг учдан икки қисми ташландиқ ҳолатга келади, собиқ партизанлар мураккаб агротизимларни ишлатишни эплай олишмайди. Мамлакат ҳалокат ёқасига келиб қолади. Мамлакатнинг ҳамма кўргиликларида Мугабе неоимпериалистларни айблаб, намойишкорона тарзда Британия ҳамдўстлигини тарк этади.

Инқироз айниқса 2008 йилда чуқурлашади. Ўшанда Зимбабве ташқи қарзи ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 131 фоизини ташкил этди, ЯИМнинг ўзи эса 18 фоизга қисқарди. 2008 йил охирига бориб инфляция даражаси ойига 79 миллиард фоизга етди; нархлар ҳар 24 соатда икки баробарга ошарди.

Ўшанда у билан бир вақтлар дўст бўлган Нельсон Мандела уни қаттиқ қоралаб чиқади. У мамлакатдаги вазиятни «Мугабе раҳбариятининг нотўғри сиёсати оқибати» деб атайди.

Фото: AP/John Parkin

2009 йили мамлакатда гиперинфляция рўй берди, миллий валюта — Зимбабве доллари бекор қилинди ва ҳисоб-китоблар учун хориж валютаси — АҚШ доллари ҳамда Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) рэндидан фойдаланишга ўтилади. Ишсизлик даражаси 80 фоизга етди.

Фото: Reuters/Howard Burditt

Шундан бери мамлакат ЯИМ ҳажми — 2016 йилда салкам 0 даражагача тушган бўлса-да — манфий кўрсаткичларгача пасайгани йўқ. Ҳозир эса Зимбабведа яна янги инқироз юз бериши эҳтимоли борлиги айтилмоқда.

Фото: Reuters

2005 йилда бошланган тураржойлар ислоҳоти якунларига кўра 2,5 миллиондан ортиқ киши бошпанасиз қолди. Бу кампания даврида кулбалар бузиб ташланган, лекин уларнинг ўрнига янги уйлар қурилмаган. Экспертлар фикрича, Мугабе шу тариқа мухолифатни қўллаган фуқаролардан ўч олганди. БМТнинг қаттиқ талабидан кейингина бу бошбошдоқлик тўхтатилганди.

Грейс Мугабе ким?

Фото: Reuters/Howard Burditt

Роберт Мугабе икки марта уйланган. Иккинчи рафиқаси 52 ёшли Грейс Мугабе. Шу йилнинг октябрида вице-президент Эммерсон Мнангагва Мугабенинг рафиқасини очиқ-ошкора ўзига суиқасд уюштиришда айблади. Мугабе эса унинг ўзини жодугарлар ёрдамида ҳокимиятни эгаллашда айблаб, истеъфога чиқарди ҳамда унинг партиядаги юзлаб тарафдорларига айблов қўйилди. Аммо мамлакатдаги асосий куч - армия партизанлар уруши фахрийси, 75 ёшли Мнангагванинг ёнини олиб чиқди. Қуролли кучлар қўмондони Чивенга танклар билан пойтахт Харарега кирди.

Зимбабведа «жодули давлат тўнтариши». Диктатордан воз кечишди

Айнан Грейс Мугабенинг сиёсий хоҳиш-истаги ортидан диктатор ағдариб ташланди. Бунгача у асосан ўзининг исрофгарчилиги (бу «фазилати» шарофати билан у Gucci Greyс лақабини орттирган) ва ўзини муносиб тута билмаслиги билан танилганди. 2017 йилнинг августида Грейс Мугабе жанубий африкалик модель Габриэлла Энжелсни урган эди. Бу ҳодиса Йоҳаннесбургдаги меҳмонхона номерида юз берган — модель бу ерда Грейснинг ўғиллари билан бирга бўлган. Энжелснинг сўзларига кўра, Зимбабве президентининг хотини хонага бостириб кириб, у ерда ким бўлса ҳаммани савалай кетган; моделнинг пешонаси ёрилган. Модель Мугабе хонимни тажовузкорликда айблайди, бироқ Зимбабвенинг биринчи хоними судга келмайди — у ЖАР томонидан тақдим этилган дипломатик дахлсизликдан фойдаланиб, ватанига қайтиб кетади.

Мугабе қандай қилиб бунча узоқ вақт давомида ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб турди?

Роберт Мугабе ва Морган Цвангираи, 2008 йил
Xinhua / Photoshot / Scanpix / LETA

Мугабе мухолифатни шафқатсизлик билан жазолаш ва сайлов натижаларини сохталаштириш орқали узоқ вақт президент бўлиб қолди. Бош вазирга айлангач, Мугабе «Бешинчи бригада» номли махсус бўлинма тузган, унинг аъзолари 1987 йилга қадар мухолифатдаги «Зимбабвенинг Африка халқ иттифоқи» (ЗАXI) партиясининг 20 мингга яқин аъзолари ва тарафдорларини ҳибсга олиб, йўқ қилган. Иш икки партиянинг бирлашуви ва Зимбабвенинг бир партияли мамлакатга айланиши билан якунига етган.

Мухолифат Мугабедан беш баттар эди. Собиқ касаба уюшмалари етакчиси Морган Цвангираининг «Демократик ўзгаришлар учун» ҳаракати Мугабе учун ягона жиддий мухолифат бўлди. 

2008 йилги президентлик сайловлари сиёсий инқироз билан якун топди: Кўплаб сохталаштиришлар ва маъмурий босимларга қарамасдан Цвангираи биринчи турда Мугабедан ўзди, бироқ унинг тарафдорларига нисбатан уюштирилган қатағон туфайли у иккинчи турда иштирок этишдан бош тортди. Иккинчи турда ягона номзод бўлиб қолган Мугабе 85,5 фоиз овоз тўплаб сайланади, бироқ хорижда бу сайлов ҳақиқий, деб топилмайди. Фақатгина ЖАРнинг аралашуви билан ўртадаги таранглик юмшатилади: мухолифат Мугабенинг сайланганига рози бўлади, Цвангираи эса атайлаб шу вазият учун қайта тикланган бош вазир лавозимини эгаллайди.

Бу ўша вақтда мамлакатда ақлбовар қилмас даҳшатли гиперинфляция юз бераётган вақтда содир бўлган воқеалар.

Кейинги йилларда мухолифат ўзининг бор обрўсини ҳам тушириб бўлди. Цвангираи қўш ўйин олиб борарди, оммавий чиқишларида санкцияларга қарши гапириб, ўзаро суҳбатларда эса ғарблик дипломатларни уларни янада чўзишга кўндиради. Аниқланишича, мухолифат вакиллари ҳокимият тепасидагилардан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмас экан: ёғли жойларга ўзларининг таниш-билишларини ўтказар, порани ҳам худди Мугабенинг одамлари каби олишар экан. Натижада кейинги сайловларда Мугабе бирорта сохтакорликка йўл қўймасдан бемалол ғалаба қозонди. Унинг партияси ҳаттоки илгари мухолифатники деб ҳисобланган ҳудудларда ҳам ишончли ғалабага эришади.

Мугабени ҳаммаёқда мана шундай ёмон одам деб ҳисоблашадими?

Фото: Herman Verwey/REX/Shutterstock/Fotodom

Африкада Роберт Мугабени ҳали ҳам озодлик учун кураш тимсоли сифатида қадрлайдиганлар бор. У аксарияти ўзи каби ўтмишда мустақиллик учун курашган президентлар билан яқин муносабатда.

Зимбабве президентининг Ғарб билан муносабатлари яхши эмаслиги тушунарли ҳол. 1990 йиллар охири — нолинчи йиллар бошида АҚШ ва Европа Иттифоқи Мугабе тузумига қарши санкциялар жорий этган, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Ғарбдаги бошқа донор давлатлар Мугабени иқтисодиётни қулатишда айблаб, молиявий ёрдамни тўхтатган. Бунга жавобан, у АҚШ ва Буюк Британиянинг фикри билан ҳисоблашиш нияти йўқлигини билдирган. «Мени бу лавозимга тайинлаган Парвардигоргина ундан мени олиши мумкин! МДК (Зимбабведаги мухолифатчи партия) ҳам, британияликлар ҳам мени бу лавозимдан ололмайди», — деганди у 2008 йилги сайловлар арафасида.

Энди нима бўлади?

Фото: Эммерсон Мнангагва/Reuters

Ҳарбийлар ҳозирча «мияси айниган чол»га нисбатан кескин ҳаракатлар қилишмаяпти. Мугабенинг ўзи эса оёқ тираб олиб, ихтиёрий равишда ҳокимиятни топширишдан бош тортмоқда. Лекин у давлатни бошқариш лаёқатини йўқотган, охирги йилларда тез-тез соғлиғи билан боғлиқ муаммолар уни безовта қилиб келади. 

Кўп эҳтимол билан унинг ўрнини «Тимсоҳ» лақабли Эммерсон Мнангагва эгаллайди. Шу билан бир вақтда мамлакатга ЖАРдан Морган Цвангираи ҳам қайтиб келган.

Халқ диктаторнинг ағдарилишидан хурсанд. Бугун бир неча минг киши республика байроқларини кўтарган ҳолда пойтахт кўчаларидан марш қилиб ўтган. Намойиш тинч руҳда ўтган, кишилар рақсга тушиб, қўшиқлар куйлашган.

«Ниҳоят бу кун келди!». Зимбабведа минглаб кишилар Мугабенинг ағдарилишини нишонлашмоқда

Мавзуга оид