Жаҳон | 23:42 / 23.11.2017
16176
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида қиш ноодатий совуқ келиши кутилмоқда

Фото: AFP 2017 / Saul Loeb

Иссиқ ва қурғоқчил иқлимга эга бўлган Саудия Арабистонида жорий қиш ноодатий совуқ келиши кутилмоқда. Маҳаллий об-ҳаво мутахассисларининг таъкидлашларича, ҳаво ҳарорати -5 градус совуққача тушиб кетиши мумкин. 

“Қироллик ҳудудида қишда ҳаво ҳарорати -5 градус совуққача тушиб кетиши мумкин. Энг совуқ ҳаво Саудия Арабистони шимолида бўлади”, деб маълум қилди Саудия Арабистони метеорологик хизмати ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Жорий ҳафтада қиролликда кучли ёмғирлар ёғишни бошлади: дастлаб ёмғир мамлакатнинг ғарбида, 23 ноябрдан эса марказий қисмидаги Ар-Риёдда ёғишни бошлаган. Ҳафта бошидан шунчалик кўп миқдорда ёмғир ёғганки, қиролликнинг йириклиги бўйича иккинчи шаҳри – Жиддада барча асосий трассалар ва туннеллар сув остида қолган. 

Ўтган йил қишида Арабистон яримороли давлатлари бу жойлар учун ноодатий табиий ҳодиса – қорнинг ёғиши гувоҳи бўлгандилар. Ўтган қишда қор Саудия Арабистонининг шимолидаги баъзи ҳудудлар, Уммон султонлиги ва БААда кузатилган.

Мавзуга оид