Фан-техника | 11:01 / 24.11.2017
14997
2 дақиқада ўқилади

Tesla янги электр юк машинасининг дастлабки нархларини маълум қилди

АҚШнинг Tesla Motors компанияси ўтган ҳафтада оммага тақдим қилган Tesla Semi Truck электр юк машинасининг дастлабки нархларини маълум қилди. Бу ҳақда Electrek.co нашри хабар бермоқда. 

Tesla Motors сайтида берилган маълумотга кўра, электрофура иккита стандарт модификацияда – 482 км ва 805 км юриш захирасига эга вариантда сотилади. Юк машинасининг биринчи модификацияси нархи 150 минг доллар, иккинчисиники эса 180 минг доллар туради. Шунингдек, харидорларда 200 минг долларга юк машинасининг махсус Founders Edition модификациясига буюртма бериш имкони бўлади.

Фото: Alexandria Sage / Reuters

Таъкидланишича, Founders Edition модификациясида машинанинг ички кўринишида бироз фарқ бўлиши мумкин.

Tesla раҳбари Илон Маск 17 ноябрда юк машинасининг Калифорнияда ўтган тақдимотида компания тарихидаги бу илк электр юк машинаси “ўқ” каби лойиҳалаштирилганини –машина 96 км/соат тезликка юкланмаганда 5 сонияда, тўлиқ юкланганда эса (36 тонна) 20 сонияда эриша олишини маълум қилганди. Шунингдек, машина бир қувватланишда тўлиқ юкланган ҳолда 804 км йўл ўта олиши маълум қилинган.  

Маск юк машинасининг кўрсаткичлари ҳайдовчига белгиланган жойгача ва яна ортига қувватланиш учун тўхташларсиз юришга имкон беришини таъкидлаб ўтган. Компанияда айтилишча, аксарият юк машиналарининг йўли ўртача 338 км ни ташкил қилади. 

Шунингдек, юк машинасининг қувватланиши учун ярим соат талаб этилиши ва олинган қувват унга яна 643,6 км йўл босишга имкон бериши маълум қилинган. Юк машинаси тўлиқ ўзиюрар ҳисобланмайди: унда одам аралашувисиз ўз полосасида юришга ёки тўсиқлар пайдо бўлганда полосани ўзгартиришга ҳамда бир йўлдан иккинчи йўлга ўтиш имконини берувчи яримавтоном бошқарув тизими ўрнатилган. 

Маълум қилинишича, Tesla Semi Truck 2019 йилдан серияли ишлаб чиқарила бошланади.

Мавзуга оид