Жамият | 14:11 / 24.11.2017
10327
2 дақиқада ўқилади

“Ҳушини йўқотган” ўғри

Фото: Flickr

Тоҳир Муқимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) икки нафар фарзандини ҳалол ризқ билан боқаётган, тартибли киши эди. Аммо арзимас кўнгил ранжиш туфайли аламини ичкиликдан олмоқчи бўлди. У шундай қилди ҳам. Бутун борлиқни, ҳатто нима иш қилаётганини унутди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ошхонадан чиқиб келаркан, рўпарада турган “Дамас” унинг эътиборини тортди. Буни қарангки, машина эгасининг эътиборсизлиги туфайли унинг калити жойида қолган экан. Машинага ўтирган Тоҳир газни босди-ю, боши оққан томонга ҳайдаб кетди.

“Кўзимни очганимда кенг далада ётганимни, қандай келиб қолганим, олдимда турган машина кимники, қаердан келиб қолганини билмадим, - деди у суд жараёнида. – Қилган ишимдан афсусдаман, вояга етмаган фарзандларим бор... Иложи бўлса, енгиллик беринглар...”.

Ушбу ҳолатда яхшиямки, фожиа юз бермади. Акс ҳолда, неча оила мусибатга, ортиқча ташвишу аламга рўбарў бўлиши тайин эди.

Ҳа, “Кўза кунда эмас, кунида синади”. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тезкор ҳаракатлари туфайли “Дамас” эгасига қайтарилди.

Тоҳир Муқимов эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноятга жазо муқаррар. Оддий турмуш ташвишларидан аламзадалик ясаб, ичкиликка ошно тутунган Т.Муқимов сингари кишиларга бу каби воқеалар сабоқ бўлса ажаб эмас. 

Мавзуга оид