Жаҳон | 15:00 / 05.12.2017
16123
2 дақиқада ўқилади

«Порошенко фашист!». Тарафдорлари Саакашвилини ҳимоя қилиб чиқишди, полиция куч ишлатди

Фото: Reuters

Одесса областининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили Украина Хавфсизлик Хизмати ходимлари томонидан қўлга олингач, унинг тарафдорлари кучишлатар тизим вакиллари билан муштлашув бошлади.

Маҳаллий нашрлар хабарларида қайд этилишича, фаоллар Саакашвили олиб чиқилган микроавтобус йўлини тўсиб чиқишган. Собиқ губернаторнинг тарафдорлари шундай ҳайқириқларни айтишган: «Ганьба!» [Шарманда!], «Порошенко фашист!». Шунингдек, бир неча петарда портлатилган.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.Тўқнашув вақтида бир неча киши жабрланган.

15 дақиқадан кейин намойишчилар ҳалқаси ёриб ўтилган ва Саакашвили Бош тергов бошқармасига олиб кетилган.

УХХ ходимлари 5 декабрь куни Саакашвилини ўз уйи томида қўлга олишди. Муассаса сайтида маълум қилинишича, сиёсатчи жиноий уюшма фаолиятидаги иштироки учун қўлга олинган. 

Кейинроқ адвокат Павел Богомазов Саакашвили конституцион тузумни ағдаришга уринишда айблангани ҳақида хабар қилди. УНН агентлиги хабарига кўра, гап Саакашвили томонидан 3 декабрь куни ўтказилган норозилик марши ҳақида бормоқда. УХХ бу ҳаракатларни Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович молиялаштирган, деган гумонда.

Мавзуга оид