Жаҳон | 18:37 / 06.12.2017
16486
2 дақиқада ўқилади

TIME журнали “Йил одами”ни эълон қилди 

Фото: http://time.com

АҚШнинг TIME журнали “Сукутни бузувчилар” (The Silence Breakers) – турли соҳаларда, биринчи навбатда, шоу-бизнесда жинсий шилқимликлар муаммосига эътибор қаратган аёлларни йил одами сифатида эълон қилди. 

#MeToo (#мен ҳам) номи билан ҳам маълум бўлган ҳаракат The New York Times нашри октябрда Голливуднинг нуфузли продюсерларидан бири Харви Вайнштейн ўнлаб йиллар давомида аёлларга шилқимлик қилиб келгани, бироқ бу ҳолатлар овоза қилинмагани айтилган терговни чоп этгандан кейин вужудга келди. Шундай кейин ўнлаб актрисалар, шу жумладан, Эшли Жадд, Роуз Макгоуэн, Азия Арженто, Леа Сейду, Лена Хиди, Гвинет Пэлтроу, Анжелина Жоли ва кинокомпаниялар ходимлари продюсер томонидан шилқимликка учраганларини маълум қилишган.  

Шундан кейин Вайнштейн ўзи бошқарган The Weinstein Company компаниясидан кетган, ҳозирда унга нисбатан тергов олиб борилмоқда. Вайнштейннинг қилмишлари фош қилиниши бошқа таниқли одамларга ҳам шилқимлик қилиш айбловларининг қўйилиши бошланишига сабаб бўлди.

Овозлар ҳисоб-китоб қилингандан кейин 2-ўринни АҚШ президенти Дональд Трамп, 3-ўринни Хитой етакчиси Си Цзиньпин  эгаллади.

5 декабрда журнал мутолаачилари орасида ўтказилган онлайн-овоз бериш натижаларига кўра йил одами сифатида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон эътироф этилганди.

Одатда, журнал таҳририятининг қарори журналхонларнинг танловидан фарқ қилади.

Мавзуга оид