Жамият | 20:00 / 07.12.2017
21449
2 дақиқада ўқилади

Имом-хатиб: Телефондан нотўғри фойдаланиш оилалар ажралишига сабаб бўлмоқда

Фото: Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати

6 декабрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Оққўрғон туманида оила вакиллари, маҳалла фаоллари, устоз-мураббийлар ҳамда ўқувчи-талабалар билан “Фаровон оила – саодат қасри” мавзуидаги мулоқотда иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилмоқда

Тадбирда Хайруллоҳ домла Турматов ота-она ва аёлларни ардоқлашнинг аҳамияти, оилада эркак кишининг вазифалари, оила саодатида меҳр-мурувват ва оқибатнинг ўрни, сўзлашиш ва кийиниш бобида ҳаёнинг долзарблиги, жиноятчиликнинг олдини олиш, интернет, хусусан, телефондан нотўғри фойдаланиш оилавий ажрим ва қатор ахлоқсизликларга замин яратаётгани борасида маъруза қилди.

Қатнашчиларнинг чанқоқ ва илиқ нигоҳлари, айтилган сўзлар таъсиридан юзларни нам айлаган кўз ёшлари ҳамда билдирилган муносабатлардан аҳоли ўртасида бу каби тадбирларни ташкил этиш нечоғлик аҳамиятли экани эътироф этилди. Шунингдек, муқаддас Ислом динимизда яхшилик ва эзгулик сари чорлаш, нотўғри йўллардан огоҳ этишнинг фарз экани ҳам бежиз эмаслиги аниқ ва равшан тушунтирилди.

Тадбир сўнгида вилоят бош имом-хатиби томонидан кенг жамоатчик фойдаланиши учун илмий ва тарбиявий-ахлоқий мазмундаги турфа адабиётлар, хусусан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Оилада фарзанд тарбияси” китоби ҳам совға қилинди. 

Мавзуга оид