Жаҳон | 19:54 / 10.12.2017
20591
3 дақиқада ўқилади

Тинчлик учун Нобель мукофоти ўз эгасига топширилди

Фото: AFP 2017 / Odd Andersen

Ослода 2017 йилги тинчлик учун Нобель мукофоти Ядровий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро кампанияга (ICAN) топширилди. Мукофотни топшириш маросими Осло шаҳар ратушасида бўлиб ўтди. 

ICAN номидан мукофотни унинг ижрочи директори Беатрис Фин ва 1945 йилда Хиросиманинг атом бомбардимони вақтида омон қолган Сецуко Терлоу қабул қилдилар.    

ICAN ушбу нуфузли мукофотга ядровий қуролни тақиқлаш йўлида кўрсатган жонбозлиги учун муносиб топилди.

Ташкилот 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, 100 дан кўпроқ давлатнинг 486 та жамоатчилик ташкилотини бирлаштиради. 

ICAN ижрочи директори Беатрис Фин маросим иштирокчилари олдидаги нутқида ядровий қуролни қўллаш хавфи бугунги кунда жуда юқорилигини қайд қилиб ўтди.

“Бугунги кунда ядровий қуролни қўллаш хавфи совуқ уруш охиридагидан ҳам юқорироқ. Бироқ совуқ урушдан фарқли равишда, биз бугун ядровий қуролга эга бўлган кўплаб бошқа давлатлар, террорчилар ва киберҳужумларга тўқнаш келмоқдамиз”, деб айтди Фин.

“АҚШ қўрқувдан кўра эркинликни, Россия барбод қилишдан кўра қуролсизлантиришни, Британия таҳқирлашдан кўра қонун устуворлигини, Франция террордан кўра инсон ҳуқуқларини, Хитой мавҳумликдан кўра онглиликни, Ҳиндистон маъносизликдан кўра маънони, Покистон қиёмат қойимдан кўра мантиқни, Шимолий Корея хонавайронликдан кўра доноликни афзал кўринг”, деб қўшимча қилган Фин.

Маросимдан олдин Фин олинадиган мукофот пули ташкилот фаолиятига сарфланишини маълум қилганди. Жорий йилда мукофот пули ҳар бир йўналишда 9 млн швед кронини (1 млн долларни) ташкил қилади. Ташкилот БМТнинг ядровий қуролни тақиқлаш конвенцияси истисносиз барча давлатлар томондан имзоланишига эришмоқчи.   

Маросимда, шунингдек, Хиросиманинг атом бомбардимонини бошидан ўтказган Сецуко Терлоу ҳам нутқ сўзлади. 

“Мен 13 ёшли қизча бўлганимда, ёнаётган вайроналар остида қолгач, ундан чиқиш учун курашганман. Мен нурга қараб ҳаракатланганман. Ва тирик қолганман. Бугун бизнинг нуримиз – ядровий қуролни тақиқлаш келишувидир. Мен бу залдаги ва мени эшитаётган бутун дунёдаги одамларга Хиросима вайроналарида эшитган сўзларимни қайтараман: “Енгилма! Давом эт! Нурни кўраяпсанми? Унга қараб интил”, деб айтди Терлоу.

Тинчлик учун Нобель мукофоти Альфред Нобель васиятига кўра Ослода, қолган йўналишлар бўйича мукофотлар Стокгольмда топширилади. Нобель мукофоти совриндорлари ҳар йили 10 декабрь – Нобелнинг вафот этган куни мукофотланишлари белгилаб қўйилган. Маросим Ослода бошланиб, Стокгольмда давом этади. Бу ерда адабиёт, физиология ва тиббиёт, физика, кимё ва иқтисодиёт бўйича мукофотлар ўз эгаларига топширилади.

Мавзуга оид