Жамият | 23:00 / 11.12.2017
11442
4 дақиқада ўқилади

Исботсиз ҳақиқат: “Ҳар қандай касбда малака ошириш зарур”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги таъкидланиб, бунинг нохуш оқибатлари рақамларда келтирилди. Масалан, ўтган 10 ойда содир этилган 8 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 2 минг 31 нафар киши ҳалок бўлди, 7 минг 622 нафари тан жароҳати олди.

Бу ҳодисаларнинг асосий сабаби фуқароларимизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, автотранспорт воситаларининг йўлларда ҳаракатланиши учун хавфсизлик чораларини кўришда жиддий муаммолар мавжудлигидадир. 

Йўл ҳаракати хавфсизлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг 4 сентябрь куни “Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 693-сонли Қарорни қабул қилди. Ҳужжатда 2018 йилнинг 1 январидан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари малака ошириш курсларида ўқишлари шартлиги белгилаб қўйилди. Мазкур қарорга кўра, юқорида қайд этилган шахслар томонидан Avtotest ўқув мажмуалари негизида ҳар 2 йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби ўрнатилди.

Малака ошириш курсларида машғулотлар 6 кун давомида 2 соату 40 дақиқа бўлиб ўтади. 4 смена тингловчилар учун қулай вақтни танлаш имконини беради: биринчи смена эрталаб соат 8 да бошланиб, сўнггиси кечки соат 18:30 да тугайди. Гуруҳда тингловчилар сони 30 кишигача бўлади. Курсларнинг нархи ЭКИҲнинг 2 баробари миқдорида. Курсларда ҳайдовчиларнинг иш тажрибаси муҳим эмас. Курсларни муваффақиятли тамомлаганларга тегишли намунадаги сертификатлар тақдим этилади.  

Шунингдек, ҳозирда Avtotest компанияси мутахассислари автомобилларнинг ёқилғи самарадорлиги ва эксплуатацияси бўйича дастурларни ишлаб чиқишмоқда. Курс давомида ҳайдовчи автомобилнинг борт тизимларини тўғри ва самарали қўллашни ҳамда ҳар қандай йўл шароитида сафарнинг ҳар километрида ёқилғини тежаш имконини берувчи бошқарув усулларини ўрганишади.

Ёқилғи ва бошқа харажатларни камайтириш борасида компания томонидан бериладиган билимлар ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш самарадорлигини янада оширади.

Ҳайдовчилик маҳорати бу — билим ва кўникмалар комплекси бўлиб, уларни доимий равишда такомиллаштириш керак бўлади. Чунки фавқулодда вазиятларда автоҳалокатларнинг олдини олишда киши юқори малакага эга бўлиши зарур.

Бу муаммо фақатгина Ўзбекистон аҳолиси учун долзарб эмас. Европада ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш курслари 2006 йилда фаолият кўрсата бошлаган. Россия транспорт вазирлиги ўз қарори билан ҳайдовчиларга малака талабларини қўйди. Ҳозирда РФ ҳукуматида ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни қонунан мажбурий қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича чоралар кўриш кўринишидаги навбатдаги ислоҳот мамлакатимиз халқаро тенденциялар сари қадам қўяётганига далил бўлиб хизмат қилади.

Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади, лекин шундай исботсиз ҳақиқат борлигини унутмаслик керак: “Ҳар қандай касбда малака ошириш зарур”. Айниқса, агар бу касб одамларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ бўлса.

Мавзуга оид