Жаҳон | 00:36 / 14.12.2017
4703
3 дақиқада ўқилади

Amazon ёки Facebook 2018 йилда ўз банкига эга бўлиши тахмин қилинмоқда

Фото: Getty Images

Жаҳон молиявий технологиялар жамияти экспертлари саноат учун 2018 йилги тахминларни тайёрлашди, деб ёзади Fortune. Улар электрон тўловлар, активларни бошқариш ва молиявий хизматлар соҳасидаги бошқа технологияларга тааллуқли. Шундай қилиб, 2018 йилда Alexa ёки Siri орқали тўловларни овозда бошқариш сервислари кенг тарқалади, Amazon ёки Facebook эса ўз банкига эга бўлиши мумкин.

Тўловлар

Bain Capital Ventures'дан Мэт Хариснинг тахмин қилишича, 2018 йилда «Siri, Visa-картам ёрдамида мана буни харид қил» ёки  «Alexa, бошқа картамдан фойдаланиб, ана унга буюртма бер» қабилидаги мурожаатлар кўп қулоққа чалинади. Унинг фикрича, овоз — келгусидаги тўловлар учун мукаммал интерфейс.

Электрон тўловларнинг бутун тизимига келсак, бу ерда харидларни амалга оширишда транзакцияларни қайта ишлашни таъминловчи компаниялар ривожланишда давом этади.  JPMorgan Chase каби йирик ўйинчилар катта офлайн сотувчиларга йўналган бир вақтда, ўсиб бораётган e-commerce сектори улардан кичик стартапларга кетади.

Банкинг

Wal-Mart форматидаги ритейлерлар анчадан бери банк иши билан шуғулланишни орзу қилишарди ва ҳойнаҳой, 2018 йилда бунга рухсат тегади. Бу дегани - Bank of Amazon ёки Facebook Financial каби молиявий компанияларнинг пайдо бўлишини узоқ кутишга ҳожат йўқ. Бу эса анъанавий банклар учун муаммога айланади. АТ-компаниялар қатор афзалликларга эга. Асосийси — улар ўз мижозларини анча яхши билишади ва бу хизмат кўрсатишни максимал даражада индивидуаллаштириш имконини беради, оддий банкларнинг бирортаси бундай хизмат кўрсата олмайди. Ҳатто брендга содиқлик юқори даражада бўлса ҳам.

Активлар бошқаруви

Сўнгги 12 ойда одамларни активларни бошқариш ва кўпайтиришда ёрдам берувчи автоматлаштирилган маслаҳатчи-роботлар билан бирлаштирувчи кўплаб сервислар пайдо бўлди. 2018 йилда мазкур тенденция ривожланишда давом этади.

Нисбатан йирик ва анъанавий банклар имкон қадар кўпроқ ёш мижозларни жалб қилиш учун активларни бошқаришда чат-ботларни таклиф қила бошлашади. Экспертларнинг тахмин қилишича, 2020 йилга бориб 1 триллион доллар пул рақамли ёрдамчилар бошқаруви остида бўлади. Аввал кичик стартаплар устунлик қилган бўлса, келгусида уларнинг катта қисми ўйинга қўшилган йирик банклар томонидан сиқиб чиқарилади.

Сармоялаш

Andreessen Horowitz экспертлари тахминларига кўра, келгуси йилда йирик сармоядорлар янги молиявий технология компанияларига маблағ киритишмайди. Бу давр ўтди. Ҳозир бу бозорда ривожланишнинг иккинчи босқичига етиб келган машҳур ўйинчилар бор. Кенгайиш учун маблағ талаб қилинади ва сармоялар машҳур ва муваффақиятли компанияларга йўналтирилади.

Англия банки ўз ҳисоботида анъанавий банклар молиявий технологиялар стартаплари томонидан келаётган таҳдидни етарлича баҳолай олмаганини тан олди. Таҳлилчиларнинг баҳоларига кўра, янги молиявий компаниялар Британия банклари даромадини 1 миллиард фунтга қисқартириши мумкин.

Мавзуга оид