Жаҳон | 10:00 / 15.12.2017
8800
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда кончилар иш ташлашни тўхтатишди

Фото: © РИА Новости / Михаил Воскресенский

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги “АрселорМиттал Темиртау” АЖ конларида бир неча кун давом этган иш ташлашлар якунланди. Иш ташлашда иштирок этган ва конлар ичидан ташқарига чиқишни истамаган барча кончилар ташқарига чиқишди. Кончилар иш берувчидан маошлари оширилиши ва ишлаш шароитлари яхшиланишини талаб қилишганди.

11 декабрда ArcelorMittal’нинг 4 та конида 200 га яқин кончи смена якунлангандан кейин иш жойларини тарк этишдан бош тортганлар. Шундан кейин компаниянинг маҳаллий бўлинмаси раҳбарияти ва кончилар касаба уюшмалари ўртасида мулоқот бошланган. 12 декабрда Қозоғистон меҳнат вазири Тамара Дуйсенова ташқарига 680 дан кўпроқ кончи чиқишни истамаётганини маълум қилган. Ушбу иш ташлаш Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сағинтаевнинг ArcelorMittal’нинг асосий акциядори Лакшми Миттал билан мулоқот қилишига сабаб бўлган. 13 декабрда Қарағанда губернатори билан суҳбатдан кейин 150 дан кўпроқ, 14 декабрда яна 100 га яқин кончи юқорига кўтарилган.

Маълумотларга кўра, 14 декабрда ер остида яна 400 га яқин кончи қолаётганди. 15 декабрь маҳаллий вақт билан соат 01.00га қадар улар ҳам ташқарига чиқишга рози бўлишган.

Кончиларга иш берувчи томондан янги шартлар ўқиб эшиттирилган.

“Ер остида ишловчи барча ишчиларнинг маоши 30 фоизга оширилади. Ташқарида ишловчиларнинг маошлари оширилиши кейинги музокаралар давомида келишув комиссияси томондан белгиланади. Компаниянинг кўмир департаменти ишчиларига бир ойлик иш ҳақи миқдорида мукофот пули тўланади”, дейилган хабарда.

“Иш берувчи ва компания ўртасидаги музокаралар келишув комиссияси доирасида давом эттирилади. Бу комиссия таркибига ташаббус гуруҳлари аъзолари, касаба уюшма қўмиталари, прокуратура вакиллари, конлар, вилоят ва АМТ компанияси раҳбарлари киради”, деб айтилган хабарда. 

Мавзуга оид