Спорт | 18:26 / 15.12.2017
17795
9 дақиқада ўқилади

«Сити» йўлида энди «Тоттенҳэм». Ҳафтанинг асосий ўйинлари анонси

Бугундан Европа чемпионатларида тур ўйинлари давом эттирилади. «Трибуна» кучли бешликдаги энг муҳим ўйинлар анонсини тақдим этади.

АРСЕНАЛ – НЬЮКАСЛ (16 декабрь, 20:00)

Бу жуфтлик кўпчиликка ўша машҳур 2011 йилдаги камбэкни ёдга солса керак. Ўшанда биринчи бўлимни 0:4 ҳисобида бой берган «Ньюкасл» иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққан эди. Ўша ўйиндан кейинги тўқнашувда ҳам дуранг натижа қайд этилган, аммо шундан бери «Ньюкасл» «Арсенал»га қарши ўйинларда бирорта ҳам очко ололмай келмоқда.

Ушбу ўйин олдидан ҳар икки жамоанинг ҳам кайфияти жойида эмаслигини тахмин қилса бўлади. «Арсенал» охирги уч ўйинда рақибларидан яққол устунлик қилди, 50дан ортиқ зарбалар берди, аммо атиги 2 очко олди, холос. Натижада «Арсенал» нафақат кучли тўртликдан, балки, олтинчи ўрнидан ҳам пастга тушиб кетди.

«Ньюкасл»нинг аҳволи эса, янада оғирроқ. Мавсумни яхши бошлаб, ҳатто, пешқадамларга яқин юрган Бенитес шогирдлари охирги 8 учрашувда атиги 1 очко олди, холос. «Ньюкасл» 21 октябрдан буён ғалаба нималигини билмаяпти ва ҳозирда хавфли зонадан атиги 1 очко олдинда турибди. Жамоанинг кейинги рақиблари - «Арсенал», «Вест Ҳэм» ва «Манчестер Сити». «Ньюкасл» бу ўйинларда рақиб ким бўлишидан қатъи назар, очко олишга уринишга мажбур, акс ҳолда, янги йилни яна «чемпионшип зона»сида бошлашга тўғри келади.

РЕНН – ПСЖ (16 декабрь, 21:00)

«Париж Сен Жермен» куни-кеча «Страсбур» устидан сафарда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва Лига кубоги ничморак финалига чиқди. Аммо аввалги турда айнан ушбу жамоадан қабул қилинган мағлубият парижликлар учун нафақат 3 очкога, балки қимматроққа тушиши табиий.

Сабаби, энди «ПСЖ»ни ҳам ютса бўлишини бошқа жамоалар ҳам тушуниб қолган бўлишлари мумкин. Энди Париж дарвозасига ҳужум қилишдан, унга йирик ҳисобда мағлуб бўлишдан қўрқишмайди.

Агар «ПСЖ»га қаршилик қилиши мумкин бўлган кейинги ўртамиёна жамоа ҳақида гап юритиш мумкин бўлса, биринчи бўлиб, хаёлга «Ренн» келиши табиий. Чунки, Сабри Ламуши шогирдлари охирги 10 ўйинда атиги бир маротаба мағлуб бўлди холос. Жамоа 7 ўйинда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Ҳатто «Марсель» каби кучли жамоа ҳам кубок мусобақасидан чиқариб юборилди.

Яхши серия натижасида 6-ўринга кўтарилиб, еврокубоклар учун курашиши кутилаётган «Ренн» пешқадамга муносиб қаршилик кўрсатиши мумкин.

БОРУССИЯ ДОРТМУНД – ҲОФФЕНҲАЙМ (16 декабрь, 22:30)

Янги мураббий қўл остида ниҳоят «Боруссия» ғалаба қозонди. Бундеслигада қаторасига 8 ўйинда ғалаба нималигини билмаган дортмундликлар сафарда ўйнашларига қарамасдан «Майнц» устидан 2:0 ҳисобида устун келишди.

Бу натижа Дортмунднинг яна ғалабали йўлга тушиб олганини кўрсатадими ёки йўқми, навбатдаги ўйинда билиб олишимиз мумкин. Рақиб ҳам худди буюртма қилингандек, ҳозирда «Боруссия»дан бир ўрин юқорида турган «Ҳоффенҳайм»дир. «Боруссия» бу ўйинда ғалаба қозониш орқали, кучли тўртликка қайтиши мумкин.

«Боруссия» таркибида ҳамон Шюрле, Дурм, Кастро, Пишчек, Ройс, Гётце, Филипп каби асосий таркиб ўйинчилари жароҳатдан тиклангани йўқ. Меҳмонлардан эса, фақат Деннис Гейгер дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. 

Бу жуфтлик ўртасидаги сўнгги 15 ўйиннинг 7 тасида «Боруссия» ғалаба қозонган. Дортмундда ўтган сўнгги 5 ўйинда ҳам мезбонларнинг қўли баланд келганини таъкидлаш жоиз.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ТОТТЕНҲЭМ (16 декабрь, 22:30)

Англиядаги топ жамоаларнинг ҳаммаси бу сафар ҳам «Тоттенҳэм»дан мўъжиза кутиб ўтиришган бўлса керак. Агар Почеттино ҳам «Сити»нинг юришини тўхтата олмаса, чемпионатдаги интригадан умид қилмаса ҳам бўлади.

Мўъжиза деб бироз ошириб юборилди, аслида, «Тоттенҳэм» «Сити» учун энг ноқулай рақибдир. Манчестерликларнинг мағлубиятсиз одимлари бу қадар узоққа чўзилганининг сабаби ҳам балки тақвим туфайлидир? Эсласангиз, ўтган икки мавсумда ҳам «Манчестер Сити» қаторасига ғалабалар билан бошлаган, аммо айнан «Тоттенҳэм» 2015 йилда 4:1, 2016 йилда эса, 2:0 ҳисобида ютиб, рақибининг шаштини қайтарганди.

Аслида «Тоттенҳэм» «Сити» учун жуда қулай ўлжа саналган, 2015 йилгача қаторасига 9 ўйинда «Манчестер Сити» ғалаба қозонганди. Аммо Почеттинонинг келиши мувозанатни бузиб юборди – «Тоттенҳэм» сўнгги 4 ўйинда рақибига мағлубиятга учрагани йўқ.

Таркиб нуқтаи назаридан, «Тоттенҳэм» марказий ҳимоячиси Тоби Алдервейрелд тикланиш жараёнида, Давинсон Санчес эса, дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Худди шундай муаммо меҳмонларда ҳам бор. Узоқ муддатга сафдан чиққан ҳимоячилар Менди ва Стоунз сафига энди, Винсан Компани ҳам қўшилди.

ТОРИНО – НАПОЛИ (16 декабрь, 22:00)

«Наполи» учун декабрь жуда муваффақиятсиз бошланди. Аввалига «Ювентус»га имконият бой берилди, кейин эса, жамоа Чемпионлар Лигасидаги курашдан чиқиб кетди. Сўнгги турда ўз майдонида «Фиорентина» билан дуранг эса, «Наполи»га яна пешқадамлик ўрнига қайтишга тўсиқ бўлди.

Бундай қалтис вазият учун «Торино» жуда ноқулай рақибдир. Туринликлар 7 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Айниқса, ўтган турда, «Лацио» устидан Римда қозонилган ғалаба «Торино»нинг бугунги формасини кўрсатиб турибди.

«Наполи» ҳужум чизиғида етакчи футболчилардан бири Лоренцо Инсинье шу кунларда сафга қайтиши кутилаётган бўлса-да, айнан бу ўйинга қанчалик тайёр бўлиши ҳали маълум эмас.

БОРНМУТ – ЛИВЕРПУЛЬ (17 декабрь, 22:30)

«Борнмут»нинг очколарига қараманг, Эдди Ҳау шогирдлари муросасизликда мавсумнинг энг ноқулай жамоаларидан биридир. Айниқса, топ клублар учун. Фақатгина «Арсенал» «Борнмут» устидан осонроқ ғалаба қозонган холос. «Манчестер Сити» «Борнмут»ни фақат 97-дақиқада урилган гол эвазига ютганди. «Челси», «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» клублари бу жамоа дарвозасига атиги 1 гол урди холос. «МЮ»нинг ўтган турда қандай қийналганини ҳамма кўрди.

Бунинг устига, бу рақибларнинг ўзига яраша тарихи бор – эсингизда бўлса, ўтган йилги декабрда бўлиб ўтган ўйин жуда қизиқ ўтганди. Ўйин давомида 0:2, 1:3 ҳисобида ортда борган «Бормунт» якунда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонганди. «Энфилд»даги ўйинда ҳам, меҳмонлар сўнгги дақиқаларда ҳисобни 2:2 бўлишига эришганди.

Ўз майдонидаги «Эвертон» ва «Вест Бромвич» билан дуранглар Клопп шогирдларининг режаларида бўлмагани аниқ. Бу ўйинда нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозониш ҳақида ўйлайдилар, мезбонлар эса, анойи эмас.

ЛИОН – МАРСЕЛЬ (17 декабрдан 18 декабрга ўтар кечаси 01:00)

Франциянинг икки машҳур «Олимпик» жамоалари орани очиқ қиладилар. Бу сафар «ўлжа» каттароқ – ҳар икки жамоа бир хил очко тўплаган ҳолда 2-4 ўринларни бўлишиб турибди.

«Лион» охирги турларда икки кутилмаган мағлубиятга учраб, «ПСЖ»ни таъқиб қилиш имкониятини пасайтириб юборган бўлса, «Марсель» умуман уч ойдан бери Францияда мағлубият нималигини билмай келмоқда.

Жамоалар ўртасида бўлиб ўтган сўнгги 18 учрашувнинг тенг ярми дуранг билан якунлаганини эътиборга олсак, бу ўйин ҳам жуда муросасиз ўтишига шубҳа йўқ.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

16 декабрь: ИНТЕР – Удинезе (19:00), Штутгарт – БАВАРИЯ (19:30), ЧЕЛСИ – САУТҲЭМПТОН (20:00), РОМА – Кальяри (00:45), АТЛЕТИКО – Алавес (00:45)

17 декабрь: Верона – МИЛАН (16:30), Вест Бромвич – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (19:15), Болонья  - ЮВЕНТУС (19:00), БАРСЕЛОНА – Депортиво (00:45)

Мавзуга оид