Жамият | 14:04 / 16.12.2017
23629
5 дақиқада ўқилади

Ёлланма ишчи қиёфасида: Юқоричирчиқда мудҳиш қотиллик юз берди

- Владимирнинг уйига кузатув камералари ўрнатилмаганми? – деб қолди даб-дурустдан Шуҳрат. Дастурхон атрофида ўтирган аёллар унинг бу саволидан таажжубга тушишди. Владимир Тхакнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хонадонида 10 йилдан буён ишлаб келаётган Раҳима Ҳикматова Шуҳратнинг қандайдир қинғирликни режалаштираётганини сезгандай ҳушёр тортиб, уни шаштидан қайтариш мақсадида камера ўрнатилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

- Владимир эҳтиёткор одам. Кузатув камераларини ўрнатган бўлса керак.

Шундан сўнг Шуҳрат бошқа савол бермади. Бироқ, ўзига режалар тузаётган эди.

Дарҳақиқат, ҳаммаси мудҳиш воқеадан бир кун аввал уйидаги ёлланма ишчиларнинг тушлик пайтидаги суҳбатидан бошланган эди. Бу хонадондаги таъмирлаш ва бошқа юмушларни бажариб юрадиган Шуҳратнинг тушлик вақтида қўққисдан ўртага ташлаган саволи шунчаки хаёлга келиб қолган гап эмасди. Беш ойдан буён шу хонадонда ёлланма ишчи бўлиб ишлаб келаётган Ш.Муродовнинг фикри-зикрини ўз хўжайинини ўмариш банд этганди. Ўз-ўзидан савол туғилади. Нега у шунча вақтдан буён унга ишонч билдириб, меҳнатини муносиб тақдирлаб келаётган хонадонга мусибат истаб қолди?

Шуҳратнинг таржимаи ҳолини варақласангиз, унинг 17 ёшдаёқ суднинг қора курсисига ўтирганига гувоҳ бўласиз. Бу ёшда адашган бўлиши мумкин, дейишга шошилманг. Чунки, у қилмишларидан тўғри хулоса чиқармай, яна икки маротаба судланган.

Ўша куни кечгача В.Тхакнинг уйида ўзига топширилган юмушларни бажариб, хонадон соҳибидан хизмат ҳақини олиб уйига қайтган Шуҳрат туни билан режалар тузади. Эртасига манзил томон отланар экан, дадил бўлиш учун йўл-йўлакай жиғилдонига 200 грамм ароқ қуйиб олади. Соат тахминан саккиздан ўн дақиқалар ўтганда В.Тхакнинг уйига етиб келади. Уни қарши олган хонадон соҳиби маст ҳолатдаги ишчини койиган бўлади. Сўнг уйига киритиб, ишни бошлашни буюради. Икковлон иссиқхонадаги таъмирлаш ишларига киришишади. Шуҳратнинг қўли ишда бўлгани билан хаёли режасини амалга оширишда эди. У икки соатларча иссиқхонада ўралашиб юриб, хонадонда Владимир ва унинг турмуш ўртоғи Юлия Хвандан бошқа кимса йўқлигини текшириб олади.

Кўнглида режани амалга ошириш фурсати етганини тахмин қилгач, иссиқхонада фойдаланиб келган ошхона пичоғини қўлига олади. Бу пайтда Владимир ўсимликларни бегона ўтлардан тозалаш билан банд бўлиб, орқа тарафдан қотили яқинлашаётганини хаёлига ҳам келтирмайди. Кутилмаганда биқинида қаттиқ оғриқ сезади. Ўгирилиб қараса, тепасида Шуҳрат важоҳат билан турибди. Қотил унга ташланиб, бир неча маротаба пичоқ билан уради. Хонадон соҳиби жонини асраш мақсадида бақирганича, қўшниларни ёрдамга чақириб, дарвоза томон қочади. Аммо Шуҳрат дарвоза олдида уни тутиб олиб, дўппослаш баробарида дуч келган жойига пичоқ ураверади. Натижада В.Тхакнинг жони шу жойнинг ўзида узилади.

Ш.Муродов эса, ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, энди кўз ўнгида содир бўлган ваҳшийликдан тошдай қотиб қолган хонадон соҳибасининг жонига қасд қилади. Учидан қон сизиб турган пичоқ билан уйга кириб, даҳлизда турган Ю.Хванга ташланади ва уни ҳам шафқатсизлик билан ўлдиради. 

Хонадон эгаларини бирин-кетин “тинчитган” ёлланма ишчи уйдаги қўлига илинган нарсаларни орқалаб кетиш ҳаракатига тушади. У шу мақсадда хонадонда бўлган фото ва видеокамера, электрнасос, 4 та уяли телефон аппарати, 7 та занжир ва 11 та узукдан иборат тилла заргарлик буюмларини, сейфдан 82 минг АҚШ доллари ва 7 миллион сўм пул маблағи, жами 325 миллион сўмга яқин мол-мулкларни қўлга киритади. Барча буюмларни хонадон эгасининг фарзандига тегишли “Спарк”ка ортиб, жўнаб қолади.

Шунча бойликка осонгина эришиб, энди кайф-сафо қилиб яшайман, деб ўйлаган Ш.Муродов қаттиқ янглишган эди. Орадан икки кун ўтар-ўтмас қўлга олиниб, қотиллиги учун жавоб берди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид