Жамият | 00:58 / 31.12.2017
16379
2 дақиқада ўқилади

Зимбабвелик оила 3 ойдан бери Бангкок аэропортида яшамоқда

Фото: EPA

Зимбабвелик оила Бангкокнинг Суварнабхуми аэропортида куздан бери яшаб келмоқда. Улар Таиландга сайёҳлик визалари билан келишган, сентябрда Бангкокдан Европага учиб кетишмоқчи бўлишган, бироқ бунинг уддасидан чиқиша олмаган. Зимбабвеликлар аэропортдан ташқарига чиқа олишмайди, чунки уларнинг Таиланддаги визалари муддати тугаб бўлган.  

4 нафар катта ёшли зимбабвелик ва 4 нафар бола Зимбабвега сиёсий сабабларга кўра қайтишни исташмаяпти. Улар ҳукумат томондан таъқиб қилинишлари мумкинлигидан қўрқишмоқда. Зимбабвенинг янги президенти Эммерсон Мнангагва мамлакатнинг қочоқликда юрган фуқароларини қайтишга чақирган, бироқ ҳамма ҳам унга ишонмаяпти.

Тўнғич фарзанди 11 ёшда бўлган оила Таиландни бир неча марта тарк этишга уринган. Аввал улар Испанияга учиб кетишмоқчи бўлишган, бироқ улардан бирортасида Шенген визаси бўлмаган. Сўнгра улар Дубайга учиб кета олишган, бироқ Дубайда улар яна Бангкокга қайтарилганлар.

Оила ҳақида аэропорт ходимлари туфайли маълум бўлди. Суварнабхуми аэропортида жойлашган  Dior дўкони ходими оила ҳақида фейсбукда сўзлаб берган. У гапларининг тасдиғи сифатида Машиа исмли қизчага совға бераётгани тасвирланган суратни илова қилган. “Машиа, Милан, Иден ва Танакани Рождество билан табриклайман. Умид қиламанки, сиз яқин орада уйга қайта оласиз”, деб ёзган дўкон ходими. Шундан кейин бу оила ҳақида етакчи ОАВ ёза бошлаган.

Аэропортнинг иммиграция бюроси вакилининг маълум қилишича, оила БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича комиссиясига сиёсий бошпана берилишини сўраб мурожаат қилган, бироқ ҳозирча бу масала бўйича жавоб йўқ. Аэропорт ходимининг айтишича, оиланинг воқеаси унча фожиали эмас, уларда кўплаб вариантлар бор. Ҳозирча аэропорт ходимлари оила ҳақида ғамхўрлик қилмоқдалар.

Мавзуга оид