Жаҳон | 10:40 / 09.01.2018
16858
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг Ал-Қудс бўйича қарори Исроилга қўл келди

Фото: Jonathan Ernst/Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудсни Исроил пойтахти, деб тан олинишини эълон қилгач, Тель-Авив босиб олинган Фаластин ерларида турар жойлар қуриш суръатини янада тезлаштирган, деб ёзади «Анадолу» агентлиги.

Исроил парламенти — Кнессет Трампнинг қароридан фойдаланиб, 2 январь куни Ал-Қудс статуси ҳақидаги қонунни маъқуллади, бу эса қадимий шаҳар ҳудудини бўлишни янада мураккаблаштиради.

Энди Ал-Қудс ҳудудини, жумладан унинг шарқий қисмини бўлиш учун 120 ўринли Кнессетнинг учдан икки қисми, яъни 80 нафар депутати розилигини олиш керак.

Трампнинг Ал-Қудс бўйича қароридан уч ҳафта ўтиб, Исроил қурилиш ва манзилгоҳлар вазири Йоав Галант «Исроилнинг ягона ва бўлинмас пойтахти»да 300 мингта янги уй қурилиши режаси ҳақида эълон қилди.

2018 йилнинг 1 январида Бинямин Нетаняҳу етакчилик қиладиган Исроилнинг «Лукуд» партияси марказий қўмитаси Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилларидаги ноқонуний яҳудий манзилгоҳларни Исроил ҳудудига қўшиш ҳақида қонун лойиҳасини маъқуллади.

Бундан икки кун ўтиб, 3 январь куни Кнессет фаластинликлар учун ўлим жазоси ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилди. Овоз бериш аввалида бош вазир Нетаняҳу ҳужжатни қўллаб-қувватлаб, парламентда чиқиш қилган.

«Шундай ҳаддан ошилган ҳолатлар бўладики, инсонлар машъум жиноятга қўл уришади, бунинг учун улар ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак», — деган Исроил бош вазири.

Трамп Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб эълон қилгач, Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили, Шарқий Қудс ҳамда Ғазо сектори ва Исроил чегарасида 16 нафар фаластинлик ўлдирилган, юздан ортиқ киши жароҳатланган.

Исроил хавфсизлик кучлари 2017 йилда Ғазо сектори ва Ўрдун дарёсининг босиб олинган ғарбий соҳилида 6742 нафар фаластинликни ҳибсга олган, дейилади Фаластин озодлик ташкилоти, Фаластин маҳбуслари жамияти ва бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг қўшма баёнотида.

Фаластин маҳбуслари ташкилоти матбуот котиби Фидо Нажоданинг «Анадолу» агентлигига билдиришича, Трампнинг Ал-Қудс бўйича қароридан сўнг Шарқий Қудс ва Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида бўлиб ўтган норозилик акцияларида 170 нафар вояга етмаган бола ҳам қўлга олинган.

Исроил ҳукумати 1951 йилдан буён илк бор ўз турар жойларидан мажбуран, куч ишлатиш йўли билан кўчирилган фаластинликларнинг кўчмас мулкларини мусодара қилишга уриниб кўришган.

Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида Исроил ҳукумати томонидан ташкил этилган илк манзилгоҳ Кафар Атсиюн деб аталади. 1967 йилгача Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида бирорта яҳудий яшамаган. Бироқ бугунга келиб уларнинг сони 420 минг кишига етган, Шарқий Қудсда эса — 220 минг яҳудий истиқомат қилади. Халқаро ҳуқуққа биноан яҳудий манзилгоҳларининг барчаси ноқонунийдир.

Мавзуга оид