Жаҳон | 19:20 / 11.01.2018
6439
2 дақиқада ўқилади

Тунисда намойишларни бостириш учун қўшинлар сафарбар қилинди

Фото: Zoubeir Souissi/Reuters

Тунисда намойишчилар билан тўқнашувлар вақтида 11 январга ўтар кечаси 300дан кўпроқ одам ҳибсга олинган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди

Намойишчилар нарх-наво, солиқлар ва ишсизлик даражаси ошишига норозилик билдирмоқдалар. Полиция билан тўқнашувлар 8 январдан бошлаб 20 дан кўпроқ шаҳар, жумладан пойтахт Тунисда бўлиб ўтмоқда.

Гувоҳларнинг айтишича, Жазоир билан чегарада жойлашган Тала шаҳрига намойишчилар миллий хавфсизлик хизмати биносига ўт қўйиб, полицияни шаҳардан кетишга мажбур қилишгандан кейин қўшин киритилган. Намойишчилар полиция бўлимларига ҳужум қилиб, автомобилларга ўт қўймоқдалар.

Сайёҳлар ўртасида оммавий бўлган Жарба оролида 9 январда номаълум кимсалар яҳудий мактаб биносига ёнувчи бомбалар отишган. Бу оролда қадимдан яҳудийлар яшаб келади.

Полиция Тунис ва Табурба шаҳарларида намойишларни тарқатиш учун кўзни ёшлатувчи газ қўллаган. Тўқнашувлар вақтида 50 га яқин полициячи жароҳат олган. 

Тунис бош вазири Юсуф Чаҳад намойишлар бостирилишидан огоҳлантирди.

“Биз қабул қила олмайдиган зўравонлик содир бўлди. Давлат чекинмайди”, деб айтган Чаҳад намойишлар ўтган шаҳарларга ташрифидан кейин. 

Мавзуга оид