Ўзбекистон | 19:43 / 16.01.2018
7999
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ижтимоий муносабатларнинг неча фоизи қонун билан тартибга солинган?

Ўзбекистондаги ижтимоий муносабатларнинг атиги 2 фоизи қонунлар билан тартибга солинган. Хорижий мамлакатларда бу рақам 90 фоизни ташкил этади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов парламентнинг қуйи палатасида Президент мурожаатномаси юзасидан маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот брифингида шу ҳақда маълум қилди. 

Сарвар Отамуродов. Фото: KUN.UZ

Отамуродов Ўзбекистондаги муҳим сиёсий тадбир, Президентнинг парламентга мурожаатидан сўнг, Олий Мажлис вакилларининг ОАВ билан учрашуви илк марта бундай форматда ташкил этилаётганини эътироф этди. 

“Биз ҳам минтақаларда бўлиб, халқ билан учрашувлар ўтказяпмиз. Мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилмоқдамиз. Бу муаммоларни эса, қонун орқали ҳал қилиш мумкин, холос.

Президент ўз мурожаатида шундай статистик маълумотни келтирдики, унга кўра, 2017 йилги ишлаб чиқилган қонунларнинг 20 фоизи депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Бу кўпми ёки камми, деган холис савол туғилади. 2016 йил билан қиёслаганда кўп, албатта. Аммо 2017 йил 12 июлдаги учрашувда қўйилган вазифалар кўлами билан таққослаганда кам. 

Фото: KUN.UZ

Қолаверса, парламент томонидан қабул қилинган қонунларнинг аксарияти президент ва ҳукумат қарор ҳамда фармонларини тасдиқлашдан иборат бўлган. 

Бундан ташқари, 2016-2017 йилларда қонунчилик фаолиятида режалар тузилган, бироқ улар оддий фуқаролар, аҳоли манфаатларини эътиборга олганми, деган саволга ижобий жавоб бериб бўлмайди. 

Бугунги кунда Ўзбекистондаги ижтимоий муносабатларнинг 2 фоизигина қонунлар билан тартибга солинган. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 90 фоиз атрофида. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, қонун ижодкорлиги борасида ҳали кўп ишлар қилиш лозим”, - деди Сарвар Отамуродов. 

Мавзуга оид