Ўзбекистон | 20:10 / 18.01.2018
124718
2 дақиқада ўқилади

Шаҳноза Мирзиёева янги вазирликда ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи Шаҳноза Мирзиёева янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлиги тизимида иш фаолиятини бошлади. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида хабар берилган. 

Маълум қилинишича, Шаҳноза Шавкатовна вазирлик тизимида Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари сифатида ишламоқда.

Фото: Скриншот

Бундан аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 декабрь куни ўтказилган мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилишида иштирок этган Шаҳноза Мирзиёева вазир Агрепина Шин ҳамда унинг ўринбосарлари қаторидан жой олганди. Ушбу видеоселектор йиғилиши «Ўзбекистон» телеканали орқали намойиш этилган.

Фото: Скриншот
Фото: Скриншот

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида соҳа олдидаги долзарб вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилганди. Ўша куни қабул қилинган Президент қарорига асосан бу соҳада алоҳида вазирлик – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилган.

Мактабгача тарбия таълим тизимининг бирламчи ва энг муҳим бўғини ҳисобланади. Соғлом генофондни, етук кадрларни тарбиялаш, аввало, шу тизимдан бошланади.

Бироқ шу пайтгача бу тизим ривожланишдан ортда қолган эди. Охирги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайган. Оқибатда мактабгача ёшдаги болаларнинг 33 фоизи боғчаларга қамраб олинган, холос.

Мавзуга оид