Хорватия полицияси 59 хитойликни қулликдан озод қилди
Хорватияда одам савдоси қурбонларига айланган ва ишлатиш учун зўравонлик билан ушлаб турилган 59 хитойлик озод қилинди. Бу ҳақда Хорватия ички ишлар вазирлиги маълум қилди. Одамлар иккита кол-центр орқали фирибгарлик йўли билан ёлланган.
Ушбу ҳодиса юзасидан Хорватиянинг икки фуқароси ва объектларда қўриқчилар бўлиб ишлаган икки хитойлик қўлга олинган.
Полиция маълумотларига кўра, ушланганлардан бири 48 ёшли эркак бўлиб, Загребда 800 ва 400 квадрат метр майдонга, интернет ва электрон қурилмаларга эга иккита уйни ижарага олган. Қурилмалар Хитой фуқароларини алдаб ёллаш учун қўлланган. Яна бир ушланган 51 ёшли хорват қурбонларни қўшни Словениядан олиб келган.
Жабрланувчилар аввал осиёликлар орасидан тез ва осон қонуний пул топиш, қарзлардан қутулиш ваъдалари остида, баъзи ҳолларда эса қўрқитиш орқали ёлланган. Сўнгра улар Словенияга, у ердан эса Хорватияга етказилган.
Ҳибсга олинганлар хитойликларнинг ҳужжатларини тортиб олиб, уларни қўрқитиб, алоқа ва ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум қилишган. Ушбу ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
Мавзуга оид
13:45 / 13.01.2025
Хорватиядаги сайловларда амалдаги президент ғалаба қозонди
12:32 / 11.01.2025
Тадқиқот: Хорватияда Россия ботлари кампанияси бошланган
14:54 / 30.12.2024
Хорватияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади
23:00 / 23.10.2024