Спорт | 16:00 / 06.02.2018
21097
7 дақиқада ўқилади

Моуриньо ва Погба. Ким ғалаба қозонди?

Фото: Daily Mail

«Тоттенҳэм»га қарши ўйинда муваффақиятсиз ўйини учун мураббийдан «гап эшитган» ва 62-дақиқада алмаштирилган Пол Погба «Ҳаддерсфилд»га қарши ўйинда захирада қолдирилди.

Кўпчилик ҳайрон. Моуриньо Погба билан тарбиялаш ишларини бошлаб юбордими?

Бу фикрга қўшилиш мумкин, зеро Пол Погба айни пайтдаги спорт формаси бўйича унинг ўрнига майдонга тушган Скот Мактомминейдан устун экани шубҳасиз. Ўз вақтида Мхитарян, Шоу ёки Марсиял билан рўй берган худди шундай ҳодисалар билан ҳам солиштириш ноўрин – чунки ўша пайтларда санаб ўтилган футболчилар ростан ҳам яхши спорт формасида эмасди. Погбанинг захирада қолдирилиши эса, кўпроқ топширилган вазифаларни кўнгилдагидек бажармаётгани ва тактик интизомсизлик билан боғлиқ. Аксарият ҳолларда Погбанинг ҳимояланишдаги ўйинлари Моуриньога ёқмаяпти.

Погбанинг айнан «Ҳаддерсфилд»га қарши, яъни ҳимояланиш учун Неманья Матичнинг ўзи ҳам бемалол етиши мумкин бўлган ўйинда майдонга туширилмаслиги эса, Моуриньонинг бу қарори тактик эмас, айнан тарбиявий эканини англатади.

Бундай қарорларда мураббий учун ўзига яраша таҳлика борлигини таъкидлаш керак. Бир пайтлар Алекс Фергюсон Давид Бекҳэм билан мана шундай тарбиявий ишларни олиб бормоқчи бўлган ва ўша пайтдаги асосий рақиб «Лидс»га қарши ўйинга олиб кетмаганди. «МЮ» ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. Худди шунга ўхшаш бошқа бир вазиятда эса, Бекҳэмсиз жамоа «Реал»га имкониятни бой бераётганди. Шотландиялик мураббий иккинчи бўлимда Бекҳэмни майдонга туширган ва футболчи икки гол урганди.

«Ҳаддерсфилд»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмагач, Моуриньо учун мана шундай риск орта бошлади. Тасаввур қилинг, ўйинда ҳисоб шундай қолиб кетса? Ёки Моуриньо ғалаба қозонишни истаб, Погбани майдонга туширишга мажбур бўлса-ю, оқибатда франциялик футболчи ўйин тақдирини ҳал қилса?

Фото: BBC Sport

Бундай ҳолатлар мураббийнинг жамоадаги даражасини пасайтиришга ёки футболчининг янада ўзига юқори баҳо беришига сабаб бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, ҳозирги футболчи ва мураббий муносабатлари ҳам ўн беш йил олдингидек эмас.

Ҳисобни Погбасиз очиш Моуриньо учун жуда зарур эди. Португалиялик мутахассис бахтига шундай бўлди ҳам.

Мана шу ерда, Жозе Моуриньо яна бир усталик қилганини таъкидлаш керак. У Погбани Скотт Мактомминей ўрнига эмас, ҳужум чизиғидаги Жесси Лингард ўрнига туширди. Биргина мана шу ҳаракати билан Моуриньо энди Погба томонга қадам ташлади ва муҳими, ўйиндан кейинги саволларга, гап-сўзларга, Погба билан муносабатлар ҳақидаги кераксиз муҳокамаларга фойдали замин ҳозирлади.

«Скотт 11 ёшидан бери клубда шуғулланади ва унинг ҳам асосий таркибда тушишига ҳаққи бор», – деб ўз қарорини одатий ротация билан изоҳлаган Моуриньо аслида ўз фикрини керакли одамга, яъни Погбага етказишга улгурган, ана энди, бу воқеанинг чўзилиб давом этишини истамаётганди.

Скоттнинг олиниши ёш футболчига «бўлди, Погбага ўринни бўшат, тарбия тугади», дегандек бўларди. Энди эса, аксинча, Погба майдонга туширилганда ҳам у таркибда қолгани Скоттга келажак учун умид яратади. Ҳаракат қилса, яна майдонга тушиши ўзига боғлиқ.

Албатта, оддий изоҳ ҳам бор. Биринчидан, яқинда Чемпионлар лигаси бошланади, ҳар ҳафтада икки ўйин режимига ўтилади, оддий ўйинларда етакчиларга дам бериш, ротация қилиш нормал ҳолат. Иккинчидан, Скоттнинг майдонга қолгани, ҳисоб атиги 1:0 эди, барибир ҳимояни ўйлаш учун Лингард олинди.

Балким, аммо бу оддий ротация эмаслигини сезиш осон. Санчес келиб, асосий футболчилар билан имкон қадар кўпроқ ўйнаши керак бўлган ва шунингдек, «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» пастдан эшик қоқиб келаётган бир пайтда айнан Погба билан ротация қилинишига сиз ишонасизми? Мен, йўқ.

Пол Погба ўзининг захирада қолдирилишига муносиб жавоб бергани, ҳатто Лукаку ҳисобни очганида голни захирадаги шериклари билан эмоционал нишонлагани Моуриньога кўриниб турганди албатта. Шогирдининг бу ҳаракатларидан қониққан мураббий Погбани майдонга қайтарди ва аҳамиятлиси, Лингарднинг ўрнига.

Франциялик футболчи айнан олдинги чизиқда, орқасида икки марказий ярим ҳимоячи турганида фойдалироқ ўйнашини «Эвертон»га қарши ўйинда намойиш қилиб улгурганди. Унинг Матичга шерик бўлиб, орқада ўйнаши ва ҳимоявий вазифалар юкланиши кўпчилик томонидан танқид қилинган, аммо Моуриньо қайсарликда давом этиб келаётганди.

Хўш, Погбани Томминей ёки Матич эмас, Лингард ўрнига тушириб, Моуриньо мағлубиятини тан олдими? Энди Погба кўпроқ ўзи истаган позицияда ўйнайдими? Унда нега учрашув бошидан бу амалга ошмаганди.  

Қизиғи ҳам шунда, таркибни тарбиявий қарорлар билан танлаган Моуриньо, Погбанинг бу қарорни муносиб қабул қилгач, «дуранг таклиф қилди». Бу ҳаракат футболчида ёмон таассуротга уруғ сепмаслигини истади. Айтмоқчиманки, Погбанинг Мактомминей ўрнига туширилиши «ана кўрдингми, барибир ман айтган позицияда ўйнайсан, истамасанг, туширмайман ва ғалаба қозонаман» дегандек бўлиб қолар, бу ҳолатнинг ортида қандайдир совуқ ҳиссиёт сақланиб қоларди, назаримда.

Фото: Daily Mail

Болангизни қаттиқ койиб юбориб, кейин, унинг йиғлаб юборганини кўриб, бағрингизга оласиз-ку – натижада, койиб таъсир ҳам қилдирдингиз, ўртадаги муносабат ҳам сақланади, тўғрими?  Керакли «месейж»ни берган Моуриньо ҳам мамнун, севимли позициясида майдонга қайтган Погба ҳам норизо эмас.

Лекин, менимча, Моуриньо ўзиникидан қолмайди. Ҳимоявий ўйин кўрсатадиган рақибларга қарши, айниқса, «Олд Траффорд»даги аксарият ўйинларда барибир Погба орқароқда, Матичга шерик бўлиб ўйнайверса керак. Ўзи шундоқ ҳам Санчеснинг келиши олдинги чизиқдаги номзодларни кўпайтириб юборди. Катта ўйинларда ёки кучлироқ жамоаларга қарши сафар ўйинларда эса, ё Эррера ёки Мактомминей Матичга шерик бўлади ва Погба олдинги чизиқда Лингард ёки Матанинг ўрнини эгаллайди.

Шунақа, Моуриньо мағлуб бўлган вазиятлардан ҳам ғолиб иллюзиясини ярата оладиган мураббий..

 

Қ.Асланов

Мавзуга оид